“Барселона” клуби “Реал Сосьедад” дарвозабони Алекс Ремирога қизиқиш билдирмоқда ва футболчига шартнома таклиф қилишга тайёр. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар берди.
Манбага кўра, каталонияликлар 30 ёшли дарвозабоннинг ўйинларини диққат билан кузатиб бормоқда. Сабаби клуб раҳбарияти уни асосий посбон Жоан Гарсияга муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда.
Қайд этилишича, “Барселона” спорт директори Деку ёзги трансфер ойнаси вақтида ҳам Ремиронинг трансфери бўйича ҳаракат қилиб кўрган. Аммо клуб Жоан Гарсия билан шартнома имзолашга қарор қилган. Алекс Ремиро эса “Барселона”га ўтишга ҳамда Гарсия билан рақобатлашишга тайёрлигини билдирган.
Аммо “кўк-анорранглилар” жамоа таркибидаги бошқа дарвозабонлар — Марк-Андре тер Штеген ва Войтцех Шесни билан боғлиқ масалаларни ҳал этиши лозим. Ҳар икки футболчининг ҳам клуб билан шартномаси мавжуд. Тер Штеген Ла Лиганинг бошқа бир жамоаси “Жирона” сафига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ клуб Шесни бўйича бир қарорга келмаган.
Маълумот учун, жорий мавсум Алекс Ремиро Испания Ла Лигаси доирасида жами 20 та учрашувда майдонга тушган. Transfermarkt порталига кўра, футболчининг бозор қиймати 14 миллион еврони ташкил этади.








