Испания Кубоги финалида “Реал Сосьедад” жамоаси “Атлетико Мадрид”ни пенальтилар сериясида мағлуб этиб, ғолибликни қўлга киритди. Учрашув Севилья шаҳрида бўлиб ўтди.
Ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтлари 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. “Реал Сосьедад” таркибида гол муаллифлари Андер Барренечеа (1-дақиқа) ва Микель Ойарсабаль (45+1, пенальти) бўлди. “Атлетико”дан эса Адемола Лукман (19) ва Хулиан Алварес (83) дарвозани ишғол қилди. Пенальтилар сериясида эса сан-себастянликларнинг қўли баланд келди – 4:3.
Шу тариқа “Реал Сосьедад” ўз тарихида учинчи бор Испания Кубоги соҳибига айланди. Жамоа аввалроқ 1986/87 ва 2019/20 йилги мавсумларда ушбу совринни қўлга киритган. Турнирда ғалаба қозониш бўйича рекордчи эса “Барселона” (32 та титул) ҳисобланади.
Ҳар икки жамоа 2027-йилда Испания Суперкубоги турнирида иштирок этади. Шунингдек, яна иккита ўрин Ла Лига ғолиби ва вице-чемпионига насиб этади.
Маълумот учун, Испания Кубогининг сўнгги бешта финалидан фақат биттаси асосий вақтда якунланган – 2023 йилда “Реал” “Осасуна”ни мағлуб этиш учун 90 дақиқа етарли бўлган (2:1). Ўтган мавсумда “Барселона” ҳал қилувчи баҳсда “Реал”ни қўшимча вақтларда (3:2) мағлуб этган эди. 2022 ва 2024-йилларда ҳам ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланган.








