2027 йилги Испания Суперкубоги Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда Испания қироллик футбол федерацияси (RFEF) маълум қилди.
Турнир 2–7 февраль кунлари Истанбулдаги Отатурк Олимпия стадионида бўлиб ўтади. Мазкур арена қарийб 75 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира олади.
Суперкубокда Испаниянинг тўртта кучли жамоаси — “Реал Мадрид”, “Барселона”, “Атлетико” Мадрид ва “Реал Сосьедад” иштирок этади. Турнир форматига кўра, Ла Лига ғолиби (“Барселона”) ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоа (“Реал Мадрид”), шунингдек мамлакат Кубоги финалчилари (“Реал Сосьедад” ва “Атлетико”) Суперкубок учун баҳс олиб боради. Мусобақа анъанавий равишда иккита ярим финал ва финал учрашувидан иборат бўлади.
Истанбул Испания Суперкубогига илк бор мезбонлик қилади. Турнирнинг одатий мезбони бўлган Саудия Арабистони эса 2027 йилда Осиё Кубогини қабул қилиши сабабли мусобақани ўтказа олмайди. Суперкубок баҳслари 2028 йилдан яна Саудия Арабистонига қайтиши кутилмоқда.
Маълумот учун, 2026 йилги Испания Суперкубогида “Барселона” ғолиб чиққан. Каталония клуби финалда “Реал Мадрид”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этган ва ўз тарихида 16-бор ушбу совринни қўлга киритган.








