Daryo

Ўзбекистонда бир йилда мингдан ортиқ хусусий тиббий клиника фаолият бошлади

Мамлакатда 2025 йилда 1 329 та хусусий тиббий клиника лицензия олиб, фаолият бошлади. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган. Мутахассислар бу ҳолат хусусий тиббиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ва соғлиқни сақлаш тизимидаги рақобат кучайиб бораётганини кўрсатишини таъкидламоқда.

1 дақиқа ўқиш3 607 кўришлар0 изоҳ1

Ўзбекистонда 2025 йилда хусусий тиббиёт соҳасида барқарор ўсиш қайд этилиб, 1 329 та хусусий тиббий клиника лицензия олиб иш бошлади. Бу ҳақда Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази хабар берди.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилиб, пойтахтда 251 та янги хусусий клиника очилган. Шунингдек, Фарғона вилоятида 169 та, Самарқанд вилоятида 129 та, Андижон вилоятида 121 та ва Қашқадарё вилоятида 117 та тиббиёт муассасаси фаолият бошлаган. Мутахассислар бу ҳудудларда аҳоли зичлиги ва иқтисодий фаоллик юқорилиги хусусий тиббиёт ривожига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқда.

Ўртача кўрсаткич қайд этилган ҳудудлар қаторида Тошкент вилояти (95 та), Бухоро вилояти (91 та), Наманган вилояти (74 та), Хоразм вилояти (71 та) ва Сурхондарё вилояти (62 та) бор. Бу ҳудудларда хусусий тиббиёт фаолияти барқарор ривожланиб, аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бормоқда.

Нисбатан паст кўрсаткичлар эса Қорақалпоғистон Республикасида (54 та), Навоий вилояти(50 та), Жиззах вилояти (30 та) ва Сирдарё вилоятида (15 та) қайд этилган. Таҳлилларга кўра, ушбу ҳудудларда хусусий тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш, янги инвестицияларни жалб этиш ҳамда тиббий хизматлар қамровини ошириш учун салмоқли имкониятлар мавжуд.

Қайд этилишича, мазкур кўрсаткичлар мамлакатда хусусий тиббиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, лицензиялаш жараёнларининг соддалаштирилиши ва соғлиқни сақлаш тизимида рақобат муҳитининг шаклланиб бораётганини акс эттиради. Маълумот ўрнида, ҳозирда Ўзбекистонда 9 мингдан ортиқ хусусий тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар