2026 йил 1 февралдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари чипта нархлари 15 фоизга оширилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот хизмати хабар берди.
Қарорга биноан, нархлар ошиши сўнгги йилларда темир йўл тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бозор тамойилларига асосланган тариф сиёсати билан изоҳланмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, юқори тезликдаги электропоездларга техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар харажатлари сезиларли ошган. Шунингдек, электр энергияси, эксплуатация ва инфратузилмани сақлаш билан боғлиқ харажатлар кўпайгани, ҳаракат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни давом эттириш зарурати юзага келган. Электропоездлар инфратузилмасини доимий модернизация қилиш ҳам асосий омиллардан бири сифатида кўрсатилмоқда.
Янгиланган тарифларга кўра, Тошкент—Бухоро йўналишида VIP чипта нархи 1 млн 138 минг сўм, бизнес класс 760 минг сўм, эконом класс эса 509 минг сўм этиб белгиланди. Тошкент—Қарши йўналишида VIP 976 минг сўм, бизнес 642 минг сўм, эконом 429 минг сўм бўлади. Тошкент—Самарқанд йўналишида эса VIP чипта 709 минг сўм, бизнес 455 минг сўм, эконом класс 311 минг сўм этиб тасдиқланди.
Шу билан бирга, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” йўловчи поездлари чипта нархлари ҳам 15 фоизга оширилгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2023 йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб, юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда йўловчи ташиш тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиб, уларни бозор механизмлари асосида шакллантириш тизимига ўтилган.








