Марказий банк 15 январь куни “Янги банк” акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясини чақириб олди.
Қайд этилишича, мазкур қарор банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, жумладан, устав капитали миқдорини қонунчиликда белгиланган энг кам талаблар даражасига етказилмаганлиги, шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган айрим талаблар бажарилмагани сабабли қабул қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, банк фаолиятини ўрнатилган тартибда тугатиш белгиланди ҳамда тугатиш комиссияси тайинланиб унга тугатиш ишларини бошқариш ваколатлари ўтказилди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг банклардаги омонатлари давлат томонидан қонунчиликда белгиланган миқдорда кафолатланади. Шу муносабат билан, “Янги банк” акциядорлик жамиятидаги омонатчиларнинг кафолатланган омонатлари бўйича компенсация қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан тўланади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами мавжуд 32 526 нафар омонатчиларнинг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади (омонатлар тўлаб берилиши бўйича аниқ ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади), 373 нафар фуқаро бўйича эса кафолатланган омонат маблағларидан қолган қисми тугатиш комиссиясининг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади.
“Янги банк” фаолиятида аниқланган ҳолатлар
Банк устав капиталининг энг кам миқдори 2025 йил 1 январдан бошлаб 500 млрд сўмни ташкил этиши лозим. Бироқ, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, “Янги банк” акциядорлик жамиятининг устав капитали 355 млрд сўмни ташкил этган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Марказий банк томонидан “Янги банк” акциядорлик жамияти кузатув кенгаши ва бошқарувига устав капиталини белгиланган минимал талабга мувофиқ шакллантириш зарурлиги бўйича бир неча бор ёзма огоҳлантиришлар берилган. Шунга қарамасдан, “Янги банк” акциядорлик жамияти томонидан ушбу масала бўйича етарли амалий чоралар кўрилмаган.
Банк устав капиталининг белгиланган энг кам миқдорга мос келмаслиги, шунингдек, айрим молиявий операцияларни амалга оширишда белгиланган чекловларга риоя этилмагани “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 54-моддасига мувофиқ жиддий қоидабузарликлар ҳисобланади ҳамда банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни чақириб олиш учун асос бўлган.
Шу билан бирга, мазкур қонуннинг 77-моддасига мувофиқ, банкнинг кетма-кет уч чорак давомида регулятив капиталининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўрганлиги ёки зарар миқдори муддатидан қатъий назар регулятив капиталнинг 50 фоизидан ортиқ қисмини ташкил этгани ёхуд бундай зарар юзага келиш эҳтимоли мавжудлиги банк лицензиясини чақириб олиш учун асос бўлади.
Марказий банк омонат маблағлари бўйича компенсация тўланиши бўйича батафсил маълумотни Омонатларни кафолатлаш агентлигининг 55-550-05-00 рақамли ишонч телефони орқали олиш мумкинлигини билдирди.








