Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади.
“Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек ғоят шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаган, ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб, мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини кўз қорачиғидек асраб келаётган она юрт посбонларига яна бир бор юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз”, дейилади Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган табрикда.
Давлат раҳбари миллий армияни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника, жумладан, сунъий интеллект асосида роботлаштирилган мажмуалар билан таъминлаш, қўшинларни бошқариш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларига илғор ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳам доимо эътибор марказида бўлишини айтди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир ишларнинг самарасини ошириб, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишларни кучайтиришини таъкидлади.
“Ҳар бир ҳарбий хизматчи халқ билан армия – бир тан-у бир жон эканини, унинг ортида 38 миллионлик халқ тоғдек таянч бўлиб турганини доимо ҳис этиши, шундан чексиз куч, руҳ ва мадад олиши керак. Ғайрат-шижоатда тенгсиз бўлган ҳарбийларимиз ёвлар олдида ҳеч қачон бош эгмаган қўрқмас ва ўтюрак аждодларимизнинг ўлмас меросини ўрганиб, улардан ибрат ва сабоқ олиб, Ватан олдидаги муқаддас бурчини бундан буён ҳам шараф билан адо этадилар, деб ишонаман”, дейилади президент табригида.
Ўзбекистон президенти бугунги имкониятдан фойдаланиб, эл-юртга довюрак, ботир ва баҳодир фарзандларни тарбиялаб берган ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида барча қувонч ва ташвишларни улар билан баҳам кўриб келаётган оила аъзоларига ҳам миннатдорчилик билдирди.
“Азиз Ватан ҳимоячилари! Мана шу ҳаяжонли дамларда ҳар бирингизни бугунги байрам билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, сизларга ва оила аъзоларингизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Жонажон Ватанимиз ҳимояси йўлида ҳеч қачон толманг, ютуқ ва зафар сизларга доимо ёр бўлсин”, деди Шавкат Мирзиёев ўз табригида.
13 январь куни мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучлар жанговар имкониятларини ошириш, давлат хавфсизлиги ва чегаралар дахлсизлигини таъминлаш, шунингдек, ватанпарварлик ва мардлик намуналарини кўрсатиб, ёшлар тарбияси ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ масъул ходимлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Шун куни Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Унда мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири бўлиши кераклигини қайд этилди.
Давлат раҳбари Тошкент вилоятидаги Махсус операциялар кучлари полигони билан танишди ва ҳарбий машқларни кузатди. Чирчиқ шаҳридаги технопаркка ташриф буюриб, мудофаа саноати корхоналари фаолияти билан танишди.








