Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Фаластиннинг янги элчиси Ваилл Аҳмед Баттрехини қабул қилди.
Элчи вазирга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган. Учрашувда икки давлат муносабатларини икки ва кўп томонлама форматларда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилинган ва мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқалар ва конструктив мулоқотни янада мустаҳкамлашга келишиб олинган.
“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги элчи жанобларини мамлакатимиздаги фаолияти давомида қўллаб-қувватлашга тайёр”, деб ёзди Бахтиёр Саидов.
Аввалги элчи Жавад Муҳаммад Авад мамлакатдаги ўз фаолиятини 2025 йил октябрь ойида якунлаган. У Ўзбекистонда ишни 2022 йил апрелда бошлаган эди.
Фаластин ва мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар 1994 йил 25 сентябрда ўрнатилган.
Аввалроқ Эрик Де Майер Бельгиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланганди.
Элчининг ташқи ишлар вазири билан учрашувида Ўзбекистон ва Бельгия ўртасида савдо, инвестициялар ва бизнес соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, амалий иқтисодий алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини қайд этилган.
Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазият бўйича позицияси ҳам айтилганди. Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни чуқур ташвиш билан кузатиб бораётгани ва уни инсонпарварлик фожиаси сифатида баҳолаши айтилган.








