Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе Испания Суперкубоги финали доирасидаги “Барселона”га қарши учрашувни захира ўриндиғида бошлайди. Бу ҳақда Marca нашри хабар берди.
Манбага кўра, финал баҳсида бошланғич таркибда ҳужумчи Гонсало Гарсия майдонга тушади ва финал олдидан жамоа ихтиёрига келиб қўшилган Килианга иккинчи бўлимда имконият тақдим этилади.
Маълумот учун, 2025 йил 31 декабрь куни Мадрид клуби Мбаппенинг чап тиззасидаги боғламлар чўзилгани ҳақида расмий маълумот берган эди.
Испания Суперкубоги финалида “Барселона” ва “Реал Мадрид” ўзаро тўқнаш келади. Ҳар икки жамоа ярим финалдаги ғалабадан сўнг финал йўлланмасини қўлга киритди: “Барселона” “Атлетик”ни 5:0 ҳисобида, “Реал Мадрид” эса муросасиз кечган дербида “Атлетико”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Дунё футболидаги энг катта қарама-қаршиликлардан бири бугун, 11 январдан 12 январга ўтар кечаси, Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги “Қирол Абдулла” стадионида бўлиб ўтади. Шу вақтга қадар икки жамоа 262 бор ўзаро тўқнаш келган бўлиб, 106 та баҳсда “Реал”, 104 та учрашувда “Барселона” зафар қучган, 52 та ўйинда дуранг натижа қайд этилган. Мадридликлар 445, каталонияликлар эса 433 марта рақиб дарвозасига гол киритган.








