Англия Премьер Лигаси 21-туридан ўрин олган “Манчестер Сити” ҳамда “Брайтон” ўртасидаги баҳс якунланди. Манчестердаги “Этиҳад” стадионида ўтган ўйинда дуранг натижа қайд этилди.
Учрашувдаги ҳисоб 41-дақиқада Эрлинг Ҳоланд томонидан очилди. У белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириб жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 60-дақиқада эса Каору Митома гол киритиб, учрашувда мувозанатни тиклади. Мазкур ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов баҳсни асосий таркибда бошлади ва тўлиқ ҳаракат қилди.
Ушбу натижадан сўнг Пеп Гвардиола жамоаси очколари сонини 43 тага етказган ҳолда АПЛ турнир жадвалида 2-ўринда қолди. Шаҳарликлар билан бир хил очкога эга “Астон Вилла” ҳам мазкур тур доирасида дуранг натижа қайд этди.
Пешқадам “Арсенал” 48 очкога эга. Лондонликлар ўз учрашувини 9 январга ўтар кечаси “Ливерпуль”га қарши ўтказади. “Брайтон” 21-турдан сўнг 29 очко билан 9-ўринга жойлашди.
“Манчестер Сити” навбатдаги учрашувини 10 январь куни Англия кубоги 1/32 финал босқичи доирасида “Эксетер Сити”га қарши ўтказади. АПЛ доирасидаги баҳс эса 14 январь куни “Ньюкасл”га қарши кечади.
Англия Премьер Лигаси
21-тур
“Манчестер Сити” — “Брайтон” 1:1
Голлар: 1:0 — Ҳоланд (41, пен), 1:1 — Митома (60)








