Лондоннинг “Челси” клуби “Милан” вингери Рафаэл Леауни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. Журналист Экрем Конурнинг хабар беришича, “аристократлар” португалиялик ҳужумчи учун 75 миллион евро тўлашга тайёр.
Манбага кўра, “Челси” Леауни январь ойидаги трансфер ойнаси вақтида ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. Бироқ “Милан” клуби ҳужумчини қўйиб юборишга шошилмаяпти. Гарчи клуб сўнгги йилларда йирик совринларга эга чиқмаган бўлса-да, Леау жамоанинг энг муҳим футболчиларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли клуб раҳбарияти уни шартномада кўрсатилган товон пулидан камроқ нархга сотмоқчи эмас.
Аввалроқ, португалиялик футболчига Каталониянинг “Барселона” клуби ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Аммо ҳозирча томонлар ўртасида музокара бўлиб ўтгани йўқ
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 26 ёшли Рафаэл Леаунинг бозор қиймати 70 миллион еврони ташкил этади. Жорий мавсумда футболчи “Милан” сафида жами 13 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 7 та гол ва 1 голли узатма ёздириб қўйган. Португалиялик вингернинг клуб билан амалдаги шартномаси 2028-йилгача мўлжалланган.








