Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудида қурилаётган энергетика объектлари билан танишди.
Тригенерация технологияси шаҳарни марказлашган совитиш ва иситиш билан таъминлаш учун замонавий ечим бўлиб, анъанавий қувватларга нисбатан 2 бараваргача кам энергия сарфлайди. Оддий иссиқлик марказлари ёки совитиш тизимларида ишлаб чиқариш жараёнлари алоҳида-алоҳида амалга оширилади. Тригенерацияда эса буларнинг барчаси ягона технологик занжир асосида бирлаштирилади.
Ҳозирги пайтда Янги Тошкентда айнан шу технологияга асосланган станциянинг асосий бино ва иншоотларининг қурилиши жадал кетмоқда. Лойиҳа доирасида талаб этиладиган асосий асбоб-ускуналар халқаро энергия самарадорлик талабларига тўла мос келади.
Биринчи босқичда иссиқлик учун 75 мегаватт, совитиш тизими учун эса 100 мегаватт қувват яратилади. Шу билан бирга, 17 мегаватт миқдорда қўшимча электр энергияси ҳам ишлаб чиқарилади.
Президент Янги Тошкентнинг биринчи нимстансиясида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишди. Нимстансия қуввати 100 мегаваттга тенг бўлиб, Янги Тошкентнинг дастлабки босқичдаги эҳтиёжларини таъминлайди. Лойиҳа Хитойнинг Haocheng Industry Group Limited компанияси иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.
Ушбу объект Ўзбекистондаги биринчи ёпиқ турдаги нимстансия ҳисобланади. Бундай типдаги иншоотлар анъанавий очиқ нимстансияларга нисбатан бир қатор устунликларга эга. Аввало, улар шаҳар ичидаги муҳитга мос лойиҳаланади ва ҳудуд архитектура қиёфасини бузмасдан жойлаштирилади.
Шунингдек, бундай нимстансияларнинг шовқин даражаси анъанавийларига қараганда икки баравар паст бўлади. Бундан ташқари, очиқ турдаги иншоотларга нисбатан уч баробар кам майдон талаб қилади. Бу янги қурилаётган Янги Тошкент каби мураккаб муҳандислик концепциясига эга шаҳарда жуда катта афзаллик ҳисобланади.
Президент мазкур объектлар билан танишар экан, уларнинг техник имкониятлари, иқтисодий самараси ва Янги Тошкент учун стратегик аҳамиятини алоҳида қайд этди. Лойиҳанинг янада самарали ишлаши ва келгусидаги босқичларини тез ҳамда сифатли амалга ошириш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Мавзуга доир: Янги Тошкент 2 млн нафар одам яшайдиган улкан мегаполисга айланади








