Хорижда оғир аҳволдаги ўзбекистонликларга бир йил давомида 746 минг доллар ажратилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, хориждаги ватандошлар билан доимий мулоқот, уларни мамлакатда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга жалб этиш ҳамда Ватанга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ишлар давом эттирилди. Бу жараён консуллик ёрдамини фақат ҳуқуқий хизмат эмас, балки давлат ва фуқаро ўртасидаги ишонч кўприги сифатида шакллантиришга хизмат қилди.
Йил давомида консуллик-ҳуқуқий фаолият доирасида:
— 162 376 нафар Ўзбекистон фуқаросига консуллик хизматлари кўрсатилди;
— 15 215 нафар юртдошимизнинг хорижда иш билан таъминланишига кўмаклашилди;
— оғир моддий вазиятга тушиб қолган 4085 нафар фуқарога 746 500 АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратилди;
— хорижий давлатларнинг вақтинча сақлаш муассасаларида бўлган 2000 нафар фуқаронинг озод этилишига эришилди;
— мураккаб ҳаётий шароитга тушган, жумладан вояга етмаганлар, боқувчисиз қолган шахслар ва одам савдоси қурбонлари бўлган жами 250 нафар фуқаро ватанга қайтарилди.
Шунингдек, хориждаги ватандошлар иштирокида 5500 дан ортиқ маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, уларга 100 000 га яқин юртдошлар жалб қилинди. Йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан 154 181 та мурожаат қабул қилинди, белгиланган тартибда кўриб чиқилди ва амалий ечимлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, чет эл фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш учун 188 299 та виза расмийлаштирилди.
Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, 2025 йил давомида Шавкат Мирзиёев томонидан хорижий давлатларга 28 та ташриф амалга оширилганини маълум қилди.
Шунингдек, Ўзбекистонга олий даражада 23 та ташриф қабул қилинди. Мазкур ташрифлар доирасида 7 та давлат, 17 та расмий, 27 та амалий ташрифлар ташкил этилди. Натижада сиёсий мулоқотлар мазмунан чуқурлашиб, узоқ муддатли ҳамкорлик учун келишувлар ва амалий механизмлар шакллантирилди.
Шу билан бирга, 20 га яқин халқаро тадбирларда давлат раҳбарининг иштироки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол позицияси ҳамда минтақавий ва глобал ўрнини сезиларли даражада оширгани қайд этилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон мезбонлигида ўтказилган 10 та нуфузли халқаро тадбир дунё ҳамжамиятининг мамлакатга бўлган юқори даражадаги ишончини ифодалади. Мамлакат томонидан минтақавий ҳамкорлик ва барқарор тараққиётга қаратилган 100 га яқин муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
2025 йилда мамлакатга 600 дан ортиқ юқори даражадаги ташрифлар ҳамда Ўзбекистон делегацияларининг хорижий давлатларга 700 га яқин юқори даражадаги ташрифлари амалга оширилган.








