Ташқи ишлар вазирлиги 2025 йил давомида Шавкат Мирзиёев томонидан хорижий давлатларга 28 та ташриф амалга оширилганини маълум қилди.
Шунингдек, Ўзбекистонга олий даражада 23 та ташриф қабул қилинди. Мазкур ташрифлар доирасида 7 та давлат, 17 та расмий, 27 та амалий ташрифлар ташкил этилди. Натижада сиёсий мулоқотлар мазмунан чуқурлашиб, узоқ муддатли ҳамкорлик учун келишувлар ва амалий механизмлар шакллантирилди.
Шу билан бирга, 20 га яқин халқаро тадбирларда давлат раҳбарининг иштироки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол позисияси ҳамда минтақавий ва глобал ўрнини сезиларли даражада оширгани қайд этилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон мезбонлигида ўтказилган 10 та нуфузли халқаро тадбир дунё ҳамжамиятининг мамлакатга бўлган юқори даражадаги ишончини ифодалади. Мамлакат томонидан минтақавий ҳамкорлик ва барқарор тараққиётга қаратилган 100 га яқин муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
2025-йилда мамлакатга 600 дан ортиқ юқори даражадаги ташрифлар ҳамда Ўзбекистон делегацияларининг хорижий давлатларга 700 га яқин юқори даражадаги ташрифлари амалга оширилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан чет давлатларга 50 дан зиёд ташрифлар амалга оширилди. Умумий ҳисобда хорижлик ҳамкорлар билан 2000 га яқин юқори даражадаги учрашувлар ва музокаралар ўтказилди. Бундан ташқари, хорижий давлатлар ташқи ишлар вазирлари томонидан Ўзбекистонга амалга оширилган 16 та ташриф мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат экани айтилди.
Шунингдек, чет элда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари иштирок этган 29 та кўп томонлама тадбир орқали мамлакатнинг халқаро тузилмалар доирасидаги ташаббуслари ва устувор ёндашувлари изчил илгари сурилди.








