БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистондаги аёллар ва қизларнинг аҳволини “аянчли” деб баҳолади. Кенгаш ҳисоботига кўра, “Толибон” томонидан жорий этилган чекловлар мамлакат иқтисодиётига ҳар йили 1 миллиард доллардан ортиқ зарар келтирмоқда. Бу ҳақда Afghanistan International хабар берди.
Ҳисоботда келтирилишича, афғон аёлларининг 80 фоизи (ўн нафардан саккиз нафари) таълим олиш, ишлаш ва касб-ҳунар таълимидан маҳрум этилган. Аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси эркакларникига қараганда сезиларли даражада юқори бўлиб, улар тиббий хизматлардан фойдаланишда ҳам жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Шунингдек, иқтисодий қийинчиликлар сабабли оилалар қизларни эрта ва мажбурий никоҳга беришга мажбур бўлаётгани юзасидан хавотирлар билдирилди.
2025-йилнинг март ойида БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси (УНАМА) Жаҳон банки маълумотларига таяниб, таълим ва иш борасидаги чекловлар иқтисодиётга йилига 1,4 миллиард доллар зарар келтириши мумкинлигини прогноз қилган эди. УНАМАга кўра, “Толибон” томонидан қонунларнинг қатъий ижро этилиши мамлакатдаги иқтисодий инқирозни янада чуқурлаштиради.
Қўшимча босимлар: Қочқинлар ва гуманитар инқироз
Ҳисоботда Афғонистон иқтисодиётига босим ўтказаётган бошқа омиллар ҳам санаб ўтилган. Хусусан, Покистон ва Эрондан афғон фуқароларининг мажбурий қайтарилиши давлат хизматлари ва иқтисодиётга қўшимча юк бўлаётгани таъкидланади.
“Толибон” аёлларнинг гуманитар ташкилотлардаги ролини чеклагани сабабли халқаро ҳамжамиятнинг ватанга қайтган қочқинларни қўллаб-қувватлаш имконияти қисқарган.
Шу сабабли Халқаро жиноий суд “Толибон” етакчиларини аёллар ва қизларни жинси бўйича тизимли равишда таъқиб қилгани, уларни таълим ва ҳаракатланиш эркинлиги каби асосий ҳуқуқлардан маҳрум этгани учун жавобгарликка тортган.
Бундан ташқари, мамлакатда ОАВ эркинлиги кескин чеклангани, айниқса, аёл журналистлар мақсадли равишда тазйиқлар нишонига айланмоқда. Бундан олдин Афғонистонда умумий ишсизлик даражаси 75 фоизга етгани ҳақида хабар берилган эди.








