Австралия 6 декабрь куни Афғонистондаги “Толибон” ҳаракатининг тўрт нафар расмийсига нисбатан молиявий санкциялар ва саёҳат чекловларини жорий қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Тақиққа мамлакатдаги аёллар ва қизларнинг аҳволи, хусусан, инсон ҳуқуқларининг ёмон аҳволдаги сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонгнинг таъкидлашича, санкцияга учраган расмийлар мамлакатда аёлларга зулм қилишда, бошқарув ва қонун устуворлигига путур етказишда иштирок этган.
Санкция киритилган шахслар ва чекловлар мазмуни
Пенни Вонг баёнотида айтилишича, санкциялар “Толибон”нинг уч вазири ва ҳаакатнинг бош судьясига қаратилган. Улар қизлар ва аёлларнинг таълим, ишга жойлашиш, эркин ҳаракатланиш ва жамоат ҳаётида иштирок этиш имкониятини чеклашда айбланмоқда.
Вазирнинг сўзларига кўра, бу чоралар Австралия ҳукуматининг янги тизими доирасида амалга оширилган бўлиб, у ҳукуматга “Толибон”га босимни кучайтириш, Афғонистон халқига зулм қилинишини нишонга олган ҳолда санкциялар ва саёҳат чекловларини бевосита жорий этишга имкон беради.
Австралия 2021 йил августида қўшинларини Афғонистондан олиб чиққан давлатлардан бири эди. Ундан олдин, мамлакат йигирма йил давомида НАТО бошчилигидаги халқаро кучларнинг аъзоси бўлиб, Афғонистон хавфсизлик кучларини тайёрлаган ва “Толибон”га қарши курашган. “Толибон” ҳокимиятни қайта қўлга киритгач, Австралия Афғонистондан минглаб эвакуация қилинган одамларни, асосан, аёллар ва болаларни қабул қилган.
Бугунги кунда Афғонистон аҳолисининг катта қисми яшаб қолиш учун гуманитар ёрдамга таянмоқда. “Толибон” ҳокимиятни қайтариб олганидан бери аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таълим ҳамда ишлашни тақиқлаш орқали жиддий чеклагани учун халқаро миқёсда танқид қилинмоқда. Ҳаракат вакиллари эса ўз навбатида, ислом қонунлари ва маҳаллий урф-одатларга асосланган ҳолда аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилишини айтиб келади.








