Мадриднинг “Реал” клуби ёзги трансфер ойнаси вақтида бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниор сотишга мажбур бўлса, унинг ўрнига “ПСЖ” ярим ҳимоячиси Витиньяни харид қилиши мумкин. Бу ҳақда Cadena Ser хабар бермоқда.
Винисиуснинг “қироллик клуби” билан шартномаси 2027-йилнинг ёзида якунланади. Томонлар ҳозирча уни узайтириш бўйича бир қарорга келмаяпти. Шу сабабли “Реал” Винисиусни 2026 йил ёзида камида 100 миллион евро эвазига сотиши мумкин. Унинг трансферидан тушган маблағлар Витиньяни харид қилиш учун йўналтирилиши мумкин. Қайд этилишича, португалиялик ярим ҳимоячининг шартномасида 100 миллион евро миқдоридаги товон пули банди мавжуд бўлиб, футболчи розилик билдирса, “Реал” уни фаоллаштириши мумкин.
Маълумот учун, жорий мавсум Витинья барча мусобақалар доирасида жами 23 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол ва 8 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг “ПСЖ” билан шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 110 миллион еврони ташкил этади.








