Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун янги қўллаб-қувватлаш тартиблари жорий этилади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги хабар берди.
Президент фармонига мувофиқ, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари янги тартибда амалга оширилади.
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам:
- давлат таъминотидаги оилаларга — оила аъзоларининг бандлик ҳолатидан қатъи назар, болалар нафақаси ва моддий ёрдам узлуксиз тўлаб борилади;
- камбағаллик чегарасидаги оилаларга — болалар нафақаси ёки моддий ёрдам 6 ой давомида оила даромадига қараб тўланади:
- даромад минимал истеъмол харажатларининг 1–1,25 баравари бўлса — 75 фоиз,
- 1,25–1,5 баравари бўлса — 50 фоиз миқдорда.
Аввал ушбу тоифадаги оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўланмаган эди.
Давлат таъминотидаги оилалар учун қўшимча чоралар:
• доимий даромад манбайини яратиш мақсадида хонадонларга қуёш панелларини ўрнатиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида субсидия ажратилади;
• меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш учун ижтимоий карта орқали 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йилгача, базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баравари миқдорида кредит ажратилади.
Кредит фоизлари “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури” доирасида давлат томонидан қопланади.
Шунингдек, давлат таъминотидаги оила ёки камбағал оила тоифасидан камбағаллик чегарасидаги оила тоифасига ўтган оилалар учун аввалги тоифа бўйича назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари яна 12 ой давомида сақлаб қолинади.
Мазкур ўзгаришлар ижтимоий ёрдамни босқичма-босқич, адолатли ва барқарор даромадга йўналтирилган тарзда ташкил этишга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кенгайтириш ҳамда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган таклифлар билан танишган эди.
Камбағал ҳамда камбағалликка тушиш хавфи бўлган оилаларни аниқлаш, уларга кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматларни ягона тизим асосида, аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиш йўналишидаги ишлар кўриб чиқилди. Ўтган даврда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри доирасида 1,8 миллион оиланинг ижтимоий ҳолати баҳоланиб, 739 минг оила, шу жумладан камбағал ҳамда камбағаллик чегарасидаги оилалар реестрга киритилди. Уларга нафақа ва моддий ёрдамлар тайинланди.








