Ўзбекистонда Янги йил муносабати билан ходимларга байрам мукофотини бериш мажбурийми? Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мамлакат қонунчилигига таяниб бу масалага аниқлик киритди.
Меҳнат кодексининг 252-моддасига (рағбатлантирувчи хусусиятга эга тўловлар) кўра, мукофот ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тартиби иш берувчи томонидан белгиланади ҳамда жамоа шартномаси ёки ички ҳужжат билан расмийлаштирилади.
“Агар ички ҳужжатда барча ходимларга байрам муносабати билан мукофот бериш мажбурияти белгиланган бўлса, иш берувчи уни бериши шарт. Акс ҳолда, бу қарздорликни келтириб чиқаради. Агар бундай мажбурият ички ҳужжатларда кўзда тутилмаган бўлса, мукофот бериш мажбурий эмас, у ихтиёрий ҳисобланади”, дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, мукофотлашда камситишга йўл қўйилмайди. Меҳнат кодексининг 4-моддасига (меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш принципи) кўра, жинс, ёш, лавозим ёки меҳнат натижаларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар асосида фарқлаш камситиш ҳисобланади.
Ўзбекистонликлар Янги йил муносабати билан кетма-кет 5 кун дам олиши кутилмоқда. Президент қарори лойиҳаси билан 2025 йил 31 декабрдан 2026 йил 4 январга қадар дам олиш куни бўлиши режалаштирилган. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири матбуот котиби Гулноза Алимова ҳозирги кунда ушбу таклифлар рад этилмаганини билдириб, ижтимоий тармоқлардаги аҳолини кайфиятига таъсир этувчи, яъни қўшимча дам олиш кунларини белгиланмаслиги ҳақидаги нотўғри маълумотларга ишонмасликни сўраганди.








