Daryo

“Байрам саватлари”ни тайёрлаш неча пулга тушади?

Ранг-баранг мевалар ва байрамона безаклар билан тақдим этилаётган саватлар турлича кўриниш олган. Бироқ бу манзара ортида муҳим савол турибди: бундай саватлар қанча туради ва улар ўз нархига мосми? “Дарё” журналисти “Чорсу” бозоридан репортаж тайёрлади.

3 дақиқа ўқиш20 887 кўришлар0 изоҳ3

Янги йил байрами арафасида Тошкентдаги “Эски Жува”, яъни “Чорсу” бозорида байрамона муҳит ҳукм сурмоқда. Савдо расталарида дастурхон учун турли мевалар жамланган саватлар ҳамда болалар учун мўлжалланган байрам совғалари харидорлар эътиборини тортмоқда.

Фото: “Дарё”

Бозор расталарида асосан олма, апелсин, мандарин, банан, ананас, анор, узум, авокадо каби мевалардан йиғилган саватлар сотилмоқда. Мева саватларининг нархи ҳажми ва таркибига қараб 500–700 минг сўмдан бошланиб, 2,5–3,4 миллион сўмгача, айрим ҳолларда эса 7 миллион сўмгача етади. Одатда энг қиммат саватлар ташкилотлар, расмий совғалар ёки махсус буюртмалар учун харид қилинади. Сотувчининг айтишича, уларнинг энг қиммат мева савати буюртма асосида тайёрланган бўлиб, нархи 15 миллион сўмга етган.

Фото: “Дарё”

Бундай нархлар оддий харидорлар учун ҳамёнбоп эмаслиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бир сават меванинг миллионлаб сўм туриши қанчалик асосли экани эса кўпчиликни ўйлантирмоқда.

Фото: “Дарё”

“Бу саватларимиз ҳажмига қараб турлича нархда сотилади. Ҳозир харидорларнинг буюртмасига кўра шу саватларни тўлдиряпман. Ўзим 4-5 йилдан бери мева сотаман. Харидорларга имкон қадар арзонроқ қилиб беришга ҳаракат қиламиз. Фақат яхши ва сифатли мевалардан фойдаланамиз, орасига урилган ёки ёмон бўлиб қолган меваларни солмаймиз”, дейди сотувчи.

Сўров давомида харидорларнинг катта қисми бундай қиммат мева саватларини харид қилишга имкон йўқлигини билдирса, бошқалар уларнинг нафис безаги ва кўриниши нархига яраша эканини айтди.

Фото: “Дарё”

Бозорнинг яна бир диққатга сазовор қисми — болалар учун мўлжалланган Қорбобо совғалари. Ранг-баранг пакетларга жойланган совғалар ширинликлар, кичик ўйинчоқлар, рангли қаламлар, байрамона безаклар билан бойитилган. Уларнинг нархи ҳам турлича: кичик пакетлар 25–30 минг сўм, ўрта ҳажмдагилар 100–200 минг сўм, йирик ва махсус совғалар эса 250 минг сўмдан юқори нархларда таклиф этилмоқда.

Репортажда Қорбобо совғалари ҳақида ўтказилган сўровнома ҳам мавжуд. Аҳолининг кўпчилиги совғаларни ўзи йиғиб тайёрласа, арзонроқ тушишини ва сифатли нарсаларни солиш мумкинлигини айтди. Совғаларнинг арзон пакетларида асосан кичик, кам қийматли нарсалар бўлса; қиммат пакетлар берилган пулга арзийдиган сифатли совғалардан иборат бўлиши мумкин, аммо одам ўзи йиғса, ҳамёнбоп нархда бўлади, дейди улар. 

Фото: “Дарё”

“Энг кўп 25-30 ва 50 минг сўмлик қорбобо совғалари харид қилинади, чунки улар ҳамёнбоп. Биз ҳам кўпроқ шу нархдаги совғаларни тайёрлаймиз. Буларни асосан ширинликлар ва ўйинчоқлар билан тўлдирамиз”, дейди сотувчи.

Бозорда харидорлар турлича — айримлар оилавий харидлар билан банд бўлса, бошқалар совғаларни олдиндан буюртма қилмоқда. Расталарда харидорнинг хоҳишига кўра сават ёки совға пакети жойида тузиб берилади.

“Чорсу” бозорида янги йилга тайёргарлик нафақат савдо, балки байрамона муҳит билан ҳам ажралиб туради. Безатилган расталар, янграётган байрамона мусиқа ва сотувчиларнинг илиқ муносабати харидорларга байрам кайфиятини улашмоқда. Бу ерда ҳар ким ўз бюджетига мос маҳсулотни топиши мумкин.

Фото: “Дарё”

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ давлат идораларида бюджет маблағлари ҳисобидан Янги йил корпоратив тадбирларини ўтказиш тақиқланди. Қарорга кўра, вазирликлар, идоралар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан кам бўлмаган ташкилотларда байрам дастурхонлари ва корпоратив тадбирларни бюджет ҳисобидан ташкил этиш ман этилади. Бироқ давлатга қарашли бўлмаган хусусий компаниялар ва тижорат ташкилотлари учун бу чекловлар татбиқ этилмайди.

Фото: “Дарё”
Фото: “Дарё”
Фото: “Дарё”
Фото: “Дарё”

Jizzaxdanman. O‘zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti teleradio jurnalistikasi yo‘nalishini bitirganman. “Daryo”da 2025-yildan beri muxbir lavozimida ishlayman va turli xil yo‘nalishda reportajlar, intervyular tayyorlayman hamda ularni saytga xabar qilib beraman. Har yili “Fantomas” filmini takror ko‘raman. “Mehrobdan chayon” (Abdulla Qodiriy publitsistikasi) ni sevib mutolaa qilaman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар