Daryo

Украина парламентида сайлов ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузилади

Гуруҳ уруш ҳолатида сайлов ўтказиш масаласини кўриб чиқади.

1 дақиқа ўқиш4 214 кўришлар0 изоҳ1

Украина парламенти ҳарбий ҳолат даврида президентлик сайловларини ўтказиш имкониятларини баҳолаш учун махсус ишчи гуруҳ тузмоқда. Бу ҳақда мамлакат ҳукмрон “Халқ хизматкори” партияси фракцияси раҳбари Давид Арахамияга таяниб, TRT World хабар берди.

Арахамиянинг сўзларига кўра, ушбу масала бўйича муҳокамалар Олий Рада (парламент)нинг Давлат ҳокимияти, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш, минтақавий ривожланиш ва шаҳарсозликни режалаштириш қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилади. Ишчи гуруҳ таркибига қуйидагилар кириши кутилмоқда:

  • парламентдаги барча фракция ва гуруҳлар вакиллари;
  • Украина Марказий сайлов комиссияси аъзолари;
  • сайлов масалалари билан шуғулланувчи жамоат ташкилотлари экспертлари.

“Йиғилиш ўтказиладиган сана ва вақт яқин орада эълон қилинади”, деди Арахамия.

Зеленский: “Мен тайёрман”

Украина президенти Владимир Зеленский декабрь ойи бошида, агар хавфсизлик ва ҳуқуқий шароитлар таъминланса, 60-90 кун ичида сайлов ўтказишга тайёр эканини билдирган эди. У АҚШ ва Европадаги ҳамкорларини уруш даврида овоз бериш жараёни учун зарур муҳитни яратишда ёрдам беришга чақирган.

Зеленский сайловдан сиёсий манфаат йўлида қочаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этган. Унинг таъкидлашича, урушнинг давом этиши ким ҳокимиятда эканига боғлиқ эмас. Шунингдек, президент қонунчиларга уруш даврида сайлов ўтказишга рухсат берувчи ўзгартиришларни тайёрлаш бўйича топшириқ берганини маълум қилган.

Трампнинг босими ва ҳарбий ҳолат чекловлари

Украина ҳукуматининг бу қадамлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг баёнотларидан сўнг фаоллашди. Трамп Politico нашрига берган интервьюсида Украинада сайлов ўтказиш вақти келганини айтган эди. У Киевни сайлов ўтказмаслик учун урушдан фойдаланмоқда деб айблаб, бу Украина демократиясига путур етказиши ҳақида огоҳлантирганди.

Маълумот ўрнида, Украинада 2022 йил 24 февралда Россия босқини бошланганидан буён ҳарбий ҳолат тартиби амал қилиб келмоқда. Ушбу чора бир неча бор, охирги марта 2024-йилнинг ноябрь ойида узайтирилган эди. Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳарбий ҳолат даврида сайловлар ўтказилиши тақиқланган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар