Daryo

“Украина бўйича тинчлик битимини Зеленский орқага тортмоқда” — Трамп

АҚШ президенти Путин музокараларга тайёрлигини билдирди.

2 дақиқа ўқиш4 288 кўришлар0 изоҳ2

АҚШ президенти Дональд Трамп Reuters агентлигига берган эксклюзив интервьюсида Украина бўйича эҳтимолий тинчлик келишувини Россия эмас, балки Украина томони кечиктираётганини маълум қилди.

Трампнинг Оқ уйдаги Овал кабинетда 14 январь куни берган ушбу баёноти Европалик иттифоқчиларнинг позициясига кескин зид келади. Европа етакчилари Москва тўрт йилдан буён давом этаётган урушни тугатишдан манфаатдор эмаслигини таъкидлаб келмоқда.

Трампнинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин урушни якунлашга тайёр, бироқ Владимир Зеленский бу масалада пассивроқ.

“Назаримда, Путин келишувга рози. Украина эса бунга унча тайёр эмас деб ўйлайман. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги энг йирик қуруқликдаги можарони АҚШ бошчилигидаги музокаралар нега ҳали ҳам ҳал қилмагани сабаби — Зеленский”, деди Трамп.

Reuters’нинг ёзишича, президентнинг ушбу шарҳлари украиналик етакчига нисбатан норозиликни ифодалайди. Икки етакчи ўртасидаги муносабатлар узоқ вақтдан бери беқарор бўлиб келган, гарчи Трамп президентликка қайтган биринчи йил (2025) давомида алоқалар бир оз яхшилангандек кўринган бўлса-да.

Шунингдек, Трамп Путиннинг ваъдаларига ўз иттифоқчиларидан кўра кўпроқ ишонишга мойиллиги Киев, Европа шаҳарлари ва ҳатто АҚШ Конгрессидаги айрим ҳуқуқшунослар, хусусан, республикачиларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда. Масалан, 2025 йил декабрь ойида АҚШ разведкаси Путин Украинани тўлиқ эгаллаш ниятидан воз кечмагани ҳақида огоҳлантирганди, бироқ Миллий разведка директори Тулси Габбард бу маълумотни рад этган.

Музокаралардаги асосий тўсиқлар

АҚШ бошчилигидаги сўнгги музокаралар урушдан кейинги Украинага хавфсизлик кафолатлари бериш ва Россиянинг қайта ҳужум қилмаслигини таъминлашга қаратилган. Америкалик музокарачилар — махсус вакил Стив Виткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер Украинани Донбасс минтақасидан воз кечишга ундамоқда.

Reuters билан интервью давомида Трамп қуйидаги муҳим нуқталарга тўхталди:

  • Музокараларнинг асосий қисми Донбасснинг тақдирига боғлиқ.
  • Трамп Bloomberg агентлиги тарқатган Виткофф ва Кушнернинг Москвага режалаштирилган сафари ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.
  • Келаси ҳафта Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтадиган Жаҳон иқтисодий форумида Трамп Зеленский билан учрашишга тайёрлигини билдирди, бироқ ҳозирча бу ҳақда аниқ режа йўқ.

Зеленский нима учун музокараларни орқага сураётгани ҳақидаги саволга Трамп:

“У шунчаки бир қарорга келишда қийналмоқда”, дея жавоб берди.

Владимир Зеленский мамлакат конституциясига кўра, Киевнинг ер беришга ҳаққи йўқлигини айтиб, ҳар қандай ҳудудий ён босишларни расман рад этиб келмоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар