Қатар мезбонлик қилган Араб кубоги мусобақасидан сўнг FIFA миллий терма жамоалар рейтингини янгилаганини эълон қилди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1462,03 очко билан аввалги ойда қайд этилганидек, 50-ўринни сақлаб қолди.
Фабио Каннаваро бошчилигидаги “оқ бўрилар” декабрь ойида йиғин ўтказмагани сабабли, жамғарилган очколар сонида ҳам ўзгариш кузатилмади.
Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг энг кучли беш жамоаси қаторидан жой олган. Ундан юқори ўринларда Япония (1650,12), Эрон (1617,02), Жанубий Корея (1599,45) ва Австралия (1574,01) қайд этилган.
“Оқ бўрилар”нинг 2026-йилги Жаҳон чемпионати “К” гуруҳидаги рақибларининг ҳам рейтингдаги ўринлари ўзгаришсиз қолди. Португалия 1760,38 очко билан 6-поғонада жойлашган бўлса, Колумбия (1701,30) 13-ўринда қайд этилган. Эҳтимолий рақиблар орасида энг яхши натижа Конго Демократик Республикасига тегишли бўлиб, у 1444,16 очко билан 56-ўринни эгаллаб турибди. Шунингдек, Ямайка (1362,46) 70-ўринда қолган, Янги Каледония эса 1042,62 очко билан 150-поғонага бир поғона пастлаган.
Маълумот учун, ҳозирда FIFA рейтингида Испания етакчилик қилмоқда. Амалдаги Европа чемпионлари ҳисобида 1877,18 очко мавжуд. Амалдаги Жаҳон чемпиони Аргентина 1873,33 очко билан иккинчи ўринда бормоқда, кучли учликни эса Франция (1870 очко) якунлаб берган.








