“Барселона” ярим ҳимоячиси Педри клубнинг Ла Лига доирасидаги 150 та ўйинда майдонга тушган энг ёш футболчисига айланди. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда. Педри бу орқали Лионель Мессига тегишли натижани янгилади.
Педри 13 декабрь, шанба куни Испания Ла Лигаси 17-туридан ўрин олган “Барселона” ҳамда “Осасуна” ўртасидаги баҳсда майдонга тушди. Мазкур учрашув футболчи учун чемпионатдаги 150-ўйинга айланди. 23 ёшли испаниялик ярим ҳимоячи мазкур натижани 23 ёш-у 18 кунлигида қайд этиб, клуб тарихидаги энг ёш футболчига айланди.
Аввалги рекорд Лионель Мессига тегишли бўлиб, аргентиналик ҳужумчи Ла Лигадаги 150-учрашувини 2010 йил 23 октябрь куни “Сарагоса”га қарши ўйинда ўтказган ва ўша вақтда 23 ёш-у 121 кунлик эди.
Маълумот учун, Педри “Барселона” сафида икки бор, 2022/23 ва 2024/25-йилги мавсумларда Испания чемпиони бўлган. У жорий мавсум клуб сафида жами 18 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол ҳамда 6 та голли узатма муаллифига айланган. Унинг клуб билан шартномаси 2030-йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt портали ярим ҳимоячининг қийматини 140 миллион еврога баҳолаган.
Ҳозирда “Барселона” Ла Лига турнир жадвалида 43 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Улар энг яқин таъқибчиси “Реал”ни 4 очкога ортда қолдирмоқда. Каталонияликлар навбатдаги турда сафарда “Вильярреал”га қарши баҳс олиб боради.








