Ҳиндистон полицияси Лионель Мессининг мамлакатга сафари доирасидаги тадбирнинг бош ташкилотчисини қўлга олди. Бунга Калкуттадаги “Солт-Лейк” стадионида юз берган тартибсизликлар сабаб бўлди. Ғарбий Бенгалия губернатори Ананда Бозенинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли тергов ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда NBC News нашри хабар берди.
Шунингдек, Ғарбий Бенгалия бош вазири Мамата Банержи ҳам юз берган воқеа учун Месси ва норози мухлислардан узр сўради. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзди:
“Бугун ‘Салт-Лейк’ стадионида тадбирни ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликлар бўлгани мени ташвишга солди. Минглаб мухлислар севимли футболчиси Лионель Мессини ҳеч бўлмаганда яқиндан кўриш умидида стадионга йиғилган эди. Юзага келган ушбу нохуш ҳолат учун Лионель Месси, шунингдек барча спорт ихлосмандлари ва мухлислардан узр сўрайман”, дейди Мамата Банержи.
Маълумот учун, cҳипта асосида ташкил этилган тадбирда Лионель Месси майдонда атиги 20 дақиқа бўлди. Аслида у мухлислар билан 45 дақиқа давомида бирга бўлиши режалаштирилган эди. Футбол юлдузининг кутилганидан қисқа кўриниш бериши кўплаб мухлислар норозилигига сабаб бўлди. Оқибатда айрим томошабинлар стадион ўриндиқларини синдириб, турли буюмларни улоқтирган. Кўплаб мухлислар эса майдонга бостириб кирган. Кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари вазиятни назоратга олган ва ҳодиса юзасидан тергов ишлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Месси Ҳиндистонга ўзининг 20 метрлик ҳайкалининг очилиш маросимига ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди.








