Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи 62 ёшли А.Қ. турмуш ўртоғига зўравонлик қилгани учун 15 суткага қамалди. “Дарё” ушбу суд ҳужжатлари билан танишди.
Аниқланишича, 2025-йилнинг 27 ноябрь куни оилавий жанжал пайтида А.Қ. яшаш хонадонида аёли С.Қ. билан оилавий келишмовчилик сабабли тортишиб қолиб, уни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. Шундан сўнг аёлининг қўл-оёғини боғлаб, уриб тан жароҳати етказган. Экспертиза хулосасида жабрланувчида қонталаш ва шилинишлар борлиги, улар соғлиққа енгил зарар келтиргани қайд этилган.
Судда айбланувчи қилган ишини тан олган ва жаҳл устида ҳаракат қилганини билдирган. Жабрланувчи эса турмуш ўртоғи томонидан мунтазам равишда тажовузга учраётганини айтиб, унга нисбатан чора кўришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди қарори билан А.Қ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси 2-қисми (оилавий (маиший) зўравонлик)билан айбли деб топилган. Унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси томонидан олиб борилган сўров натижалари эълон қилинганди. Унга кўра, зўравонликка учраган аёлларнинг аксарияти турмуш ўртоқларида зарарли одатлар борлигини билдирган. Айниқса, шаҳарлик респондентлар орасида бу кўрсаткич бир оз юқори.
Аёллар турмуш ўртоқларининг қарийб 45 фоизи спиртли ичимлик истеъмол қилишини айтган. Уларнинг 45,6 фоизи ҳар куни ёки деярли ҳар куни ичиши қайд этилган. Тадқиқотлар алкоголь истеъмоли даражаси ва оиладаги зўравонлик эҳтимоли ўртасида сезиларли боғлиқлик борлигини кўрсатмоқда. Мунтазам ичадиган эркакларда зўравонлик содир этиш ҳолатлари юқорироқ, болани парваришлашдаги иштирок эса анча паст бўлади.
Ноябрь ойи охирида Ўзбекистонда ўн ойда оиладаги зўравонлик сабаб жавобгарликка тортилганлар сони очиқланди. 2025-йилнинг ўтган 10 ойи давомида оилавий (маиший) зўравонликка оид ҳуқуқбузарликлар бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси асосида 10 мингдан ортиқ шахс жавобгарликка тортилди.








