Daryo

Ўзбекистонда бир кунда 42 та энергетика объекти ишга туширилди

Булар энергия ишлаб чиқариш, сақлаш қувватлари ва бошқа инфратузилма иншоотларидир. Президент Шавкат Мирзиёев рамзий дастакни босиб, 21 та янги лойиҳа қурилишига ҳам старт берди.

2 дақиқа ўқиш7 117 кўришлар0 изоҳ0

Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларининг қурилишини бошлашга бағишланган тантанали маросимда қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объектларини ишга туширди, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида умумий қиймати 3,3 миллиард долларга тенг жами 3 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро электростансиялари шулар жумласидан. Тўлиқ қувватга чиққач, улар йилига 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Натижада келгуси йилда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажми 23 миллиард киловатт-соатга етади. Ушбу қувватлар Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланишига хизмат қилади.


Тоза энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.

“Биз бугун ишга тушираётган барча лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаб, келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Бундай жадал ҳаракатларимиз ва ташаббусларимиз билан биз янгича моделдаги замонавий энергетика тизимини албатта тўлиқ барпо этамиз, дея таъкидлади президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, тадбирда Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслан Bayraktar ва Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов, Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев, шунингдек, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа молия институтлари, ACWA Power (Саудия Арабистони), Aksa Enerji, Cengiz Enerji (Туркия), Masdar (БАА), China Energy, Datang, Sinoma, Poly, CNTIC, Eagle Rise (Хитой), EDF, Voltalia, TotalEnergies (Франция), Siemens Energy (Германия) ва Nebras Power (Қатар) вакиллари ҳам қатнашди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Фойдаланишга топширилаётган лойиҳалар орасида 1 минг 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизими ҳам бор. Бу энергия энг кўп истеъмол қилинадиган тиғиз вақтларда қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради. Қўшимча равишда ишга туширилаётган 11 та йирик подстансия ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.

Янги ташкил этилган йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқарадиган “Ангрен Энерго” ҳамда 155 та гидро-агрегат тайёрлаб берадиган Uzhydropower  корхоналари иқтисодиётга муҳим ҳисса қўшади. Давлат раҳбари маросимдаги нутқида ушбу тарихий воқеа Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши йўлидаги яна бир амалий қадам бўлишига ишонч билдирди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга катта сармоя киритаётган ва энг илғор технологияларни олиб келаётган ҳамкор мамлакатларга миннатдорлик билдирди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар