Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида бир нечта юк машинасини қасддан ёқиб юборганлар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
28 ноябрь куни соат 21:50да Тойлоқ тумани “Беклар” маҳалласи ҳудудида яшовчи 1985-йилда туғилган фуқаро К.А. қўшни маҳаллада истиқомат қилувчи, ўзига олдиндан таниш бўлган 1990-йилда туғилган Ғ.Р. ва 1991-йилда туғилган Н.Р. билан ўрталарида юзага келган ўзаро келишмовчилик натижасида жанжал келиб чиққан.
Мазкур жанжалдан сўнг, К.А. ўзининг 2005 ва 2007-йилларда туғилган ўғиллари билан Ғ.Р ва Н.Р. бошқарувида бўлган юк автомашиналарига бензин ёқилғиси сепиб, ёқиб юборган. Ёнғин зудлик билан бартараф этилиб, бошқа транспорт воситалари ва улардаги юкларга зарар етказилишининг олди олинган.
Гувоҳларнинг сўзлари ва кузатув камераларидан олинган тасвирларга кўра, дастлаб логистика марказидан тахминан бир километр узоқликда сақланган икки “КамАЗ”га бензин сепилган ва ёқиб юборилган. Марказ ходимлари ушбу ёнғин билан банд бўлган пайтда юк машинасини ёққанлар логистика марказига келиб, яна бир фурани ёққан. Ёнғин натижасида тадбиркор 600 миллион сўмга яқин зарар кўргани айтилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан 29 ноябрь куни Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Кодекснинг 173-моддаси иккинчи қисмига кўра, мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш атрофдагилар учун хавфли усулда ёки кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 75 беш бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади








