Ўзбекистонда 2027 йил 1 январга қадар алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкалари бирхиллаштирилади. Бу 2026—2028 йиллар учун тақдим этилган бюджетномада кўзда тутилган.
Унда келтирилишича, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш, шунингдек, ЖСТнинг маҳаллий ва импорт қилинган тамаки ва алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкаларини босқичма-босқич бирлаштириш талабларидан келиб чиқиб ароқ, коняк ва бошқа алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкасини 2026 йил 1 февралдан бошлаб маҳаллий маҳсулотларга 1 литр учун 48 минг сўм, импорт қилинадиганга 1 литр учун 60 минг сўм ҳамда 2026 йил 1 июлдан ставкаларни тенглаштирган ҳолда 1 литр учун 48 минг сўм этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, 2026 йил 1 февралдан бошлаб маҳаллий ва импорт қилинадиган вино ва пиво бўйича қуйидаги солиқ ставкаларини белгилаш таклиф этилмоқда:
табиий винонинг 1 литри учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 7 минг сўм ва импорт қилинадиган маҳсулотларга 12 минг сўм ҳамда бошқа турдаги виноларнинг 1 литри учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 9 минг сўм ва импорт қилинадиган маҳсулотларга 15 минг сўм;
пивонинг 1 литри учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 3 минг сўм ва импорт қилинадиган маҳсулотларга 5 минг сўм. 2026 йил 1 июлдан бошлаб акциз солиғи ставкаларини тенглаштирган ҳолда табиий пивонинг 1 литри учун 10 минг сўм, бошқа турдаги пивонинг 1 литри учун 12 минг сўм, шунингдек, пивонинг 1 литри учун 4 минг сўм миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.
2026 йил 1 январдан бошлаб 1 литр истеъмол ва техник этил спирти учун 15 минг сўм акциз солиғи ставкасини сақлаб қолган ҳолда, этил спиртининг бош фраксиясига акциз солиғини 1 литр учун амалдаги 15 минг сўмдан 5 минг сўмгача пасайтириш таклиф этилмоқда.
Тамаки маҳсулотлари бўйича
2026 йил 1 февралдан сигара, чилим учун тамаки, ўрама тамаки, қиздириладиган тамаки таёқчаси ва вейплар учун, 2026 йил 1 июлдан эса филтрли, филтрсиз сигаретларга солиқ ставкаларини 7 фоизга ошириш таклиф этилмоқда.
Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилинадиган маҳсулотлар учун бир хил ставка қўллаган ҳолда сигаретларнинг минг донаси учун 365 минг сўм, сигаранинг бир донаси учун 21,5 минг сўм, чилим учун тамаки, чекиладиган ўрама тамакининг 1 кг учун 642 минг сўм, қиздириладиган тамаки таёқчасининг 1 килоси учун 481,5 минг сўм, вейпларнинг 1 мл учун 2,14 минг сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистон президентининг 2024 йил 3 июндаги “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида этил спирти импорти операцияларини Жаҳон савдо ташкилоти битимлари қоидалари асосида тартибга солиш, Ўзбекистонга импорт қилинадиган ва ишлаб чиқариладиган акциз солиғи тўланадиган товарлар учун акциз солиғи ставкаларини босқичма-босқич бирхиллаштириш топширилганди.








