Daryo

Бўлажак куёв ва 240 минг доллар можароси: Прокурор судланувчига 10 йил қамоқ жазоси беришни сўради

Тошкентда бўлажак куёв алдов йўли орқали келиннинг ҳовлисини сотиб юборганди. Ушбу иш юзасидан навбатдаги суд мажлисида прокурор гумондорни 4 та ҳолат бўйича фирибгарлик жиноятини содир этган деб топишни сўради.

4 дақиқа ўқиш4 054 кўришлар0 изоҳ12

Бўлажак куёв алдов йўли орқали келиннинг ҳовлисини сотиб юборгани билан боғлиқ иш Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилаётгани хабар берилган эди. Суднинг 20 ноябрь куни давом этган навбатдаги мажлисида судлов ҳайъати ишнинг музокара қисмига ўтди. Унда сўз олган давлат айбловчиси судланувчига 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўради. Бу ҳақда судда қатнашган “Дарё” журналисти хабар берди.

Бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчини Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан тўртта ҳолатда айблаш ҳақидаги жиноий иш суд тергови давомида кўриб чиқилди.

Мазкур шахс ўз қилмишининг келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларини олдиндан билгани ҳолда, ғаразли ва паст ниятларда ўзганинг мулкини алдаш, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан жуда кўп миқдордаги маблағни қўлга киритган. У 2023-йилнинг 3 февраль кунидан 2024-йилнинг 13 август кунига қадар 1991-йилда туғилган Юсупов Жасур билан биргаликда тадбиркорлик қилишини, чет давлатдан арзон нархларда автомашина олиб келиб, Ўзбекистон Республикасида сотишни таклиф қилиб, ушбу тадбиркорлик ишларидан яхшигина даромад келишини билдирган. Уни тадбиркорликка шерик бўлишга чақирган. Эвазига ҳар ой фойдадан тушган пулдан улуш беришини билдириб, Юсуповдан 179 минг 300 доллар пул олган. Бироқ, ваъдасини бажармай жиноят йўли билан қўлга киритган пулларини ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Мазкур ҳолат суд терговида ҳам тергов органи томонидан ашёвий далилларни кўздан кечириш, юзлаштириш, стенограмма кўргазмалари, аудио ёзувларни кўздан кечириш давомида ҳам ўз тасдиғини тўлиқ топган деб ҳисоблайман, деди прокурор музокара сўзида.

​

Фото: “Дарё”

Давлат айбловчиси шунингдек, судланувчи яна бир танишига машина сотиб, унинг пулларини ҳам олган бўлса-да, автомобильларни бермай алдаб келганини маълум қилди.

2024-йилнинг май ойида ўзига олдиндан таниш бўлган Сайдуллаевнинг автоулов сотиб олиш учун қидириб юрганлигидан фойдаланиб, унинг ишончига кирган. Ўзига тегишли бўлган Mercedes-Benz V213 E63 маркали автоуловни сотиш учун 117 минг долларга келишиб, дастлаб ундан май ойида 50 минг, кейинчалик 2024-йилнинг май-август ойларида 27 700 доллар пул олган. Унга автоуловни вақтинча бошқариш учун ишончнома бериб, 2024 йил 16 август куни эса Сайдуллаевнинг чет элга чиқиб кетганлигидан фойдаланган ҳолда автоуловни унинг рухсати билан келгунига қадар бошқариб туришини айтиб, қайтариб олган. Ва номаълум шахсга сотиб юборган. Натижада Сайдуллаевга жами 77 700 доллар зарар етказган. Тергов органи томонидан бу ҳолат бўйича 168-модда 4-қисми билан айб эълон қилинган. Мазкур ҳолат тўғри малакаланган деб ҳисоблайман ва ҳолат суд терговида ҳам ўз тасдиғини тўлиқ топган деб ҳисоблайман, деди прокурор.

Фото: “Дарё”

Давлат айбловчисининг қўшимча қилишича, судланувчи 2024-йилнинг 26 июнь куни Юнусов исмли танишига ўзининг номида бўлган Zeekr-001, Mercedes-Benz 180С русумли автомашиналар ва таниши Акбаровнинг номидаги Malibu-2 автомобилларини 110 минг долларга сотган. Аммо пулини олиб, автомобилларни бермаган.

Бу ҳаракати билан уларга жами 110 минг 150 доллар зарар етказган. Ушбу маблағ долларнинг ўша пайтдаги курси билан 1 миллиард 386 миллион 343 минг сўмни ташкил қилади. Бу ҳам юзлаштириш, тергов ҳаракатлари, кўздан кечириш ҳамда суд жараёнларида ўз тасдиғини тўлиқ топган. Қолаверса, 2023 йил 14 июль куни “Малика” савдо мажмуасида таниши Аҳмедовнинг ишончига кириб, 30 дона iPhonе 15 Pro Мах русумли телефон аппаратларини 39 минг долларга олиб, пулларни 2023-йилнинг август ойига қадар беришни ваъда берган. Аммо ваъдасини бажармасдан пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Бу билан жабрланувчиларга 493 миллион 549 минг 780 сўм миқдоридаги зарар етказган, дейди прокурор.

Давлат айбловчиси судланувчи бўлажак куёв сифатида ҳам Шаҳло Олимбоеванинг ишончига кириб, қизи Жамила Олимбоевага уйланишини айтиб, Олимбоеванинг номида бўлган Шайхонтоҳур туманидаги уйни фуқаро Каримов Санжар номига ўтказиб берганини, эвазига 240 минг доллар олганини таъкидламоқда.

Фото: “Дарё”

Бу ҳолат ҳам бугунги суд тергови ва бундан олдинги суд терговларида ўз тасдиғини тўлиқ топган. Бу билан айбланувчи Рисматов Шаҳзод иши Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблайман. Шунга кўра сиздан Рисматов Шаҳзодга биринчи ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашингизни, иккинчи, учинчи ва тўртинчи ҳолатлар бўйича ҳам 9 йил — Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашингизни сўрайман, деди прокурор.​

Музокарада сўз олган прокурор бундан ташқари судланувчи томонидан етказилган зарарлар тегишли тартибда ундирилишини ҳамда суд терговида аниқланган ҳолатлар бўйича қўшимча терговга хабарнома юборилиши кераклигини айтди. 

Qashqadaryodanman. 2012-yil O‘zMUning jurnalistika fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2018-yildan beri ishlayman. Yoqtirgan kino va filmlarim ko‘p, ammo ular orasida “Jigar” bo‘lakcha. Kitoblardan esa Abdulla Qodiriyning “O‘tkan kunlar asari yoqadi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар