Daryo

Ўзбекистонда қарздорлик сабаб қанча фуқаро сувдан узилгани очиқланди

Мавжуд қарздорликларни камайтириш мақсадида йил бошидан бери 123,4 минг нафар қарздор истеъмолчи бўйича фуқаролик ва иқтисодий судларга 358,4 млрд сўмлик даъво аризалари юборилган.

2 дақиқа ўқиш1 896 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистонда йил бошидан буён ичимлик ва оқова сув тармоқларига 4,3 мингдан ортиқ ноқонуний уланиш аниқланди. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” хабар берди.

Аҳоли ўртасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, ичимлик ва оқова сув тизимларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида масъул ташкилотлар ҳамкорлигида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада истеъмолчилар томонидан содир этилган кўплаб қонунбузилишлар бартараф этилиб, етказилган зарар белгиланган тартибда ундирилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь—октябрь ойларида ичимлик ва оқова сув тармоқларига жами 4 351 та ноқонуний уланиш ҳолати аниқланган. Энг юқори кўрсаткичлар қуйидаги ҳудудларга тўғри келади:

  • Тошкент шаҳри — 488 та,
  • Сирдарё вилояти — 433 та,
  • Қорақалпоғистон Республикаси — 425 та,
  • Хоразм вилояти — 419 та.

Ноқонуний уланишлар оқибатида жамият манфаатларига 82 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган бўлиб, шундан 33,6 млрд сўми қопланган.

Мавжуд қарздорликларни камайтириш мақсадида жорий йилда 123,4 минг нафар қарздор истеъмолчи бўйича фуқаролик ва иқтисодий судларга 358,4 млрд сўмлик даъво аризалари юборилган. Ҳисобот даврида республика бўйича 62,4 минг жисмоний ва юридик шахс қарздорлиги учун сув таъминоти тармоғидан вақтинча узилган. Улардан 46 мингтаси Тошкент шаҳрига тўғри келади.

Олиб борилган чоралар натижасида истеъмолчиларнинг умумий дебитор қарздорлиги йил бошига нисбатан 203 млрд сўмга (22 фоизга) камайиб, 705,5 млрд сўмни ташкил этмоқда. Ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда эса қарздорлик 364 млрд сўмга (34 фоизга) қисқаргани қайд этилган.

2025 йил 12 ноябрдан Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари 15 фоизга оширилди. Келгуси йилларда нархлар доимий ва кескин ўсиши кутилмоқда.

Июль ойида 2025 йилда Тошкент шаҳрида иссиқлик энергияси тарифлари бир мартадан ортиқ оширилмаслиги айтилди. Йил ҳисобидан биринчи нарх ўсиши 27 октябрдаги ҳоким қарорига асосан рўй берди. Яъни 12 ноябрдан иссиқ сув ва иссиқлик таъминотининг базавий тарифи 7 фоизга кўтарилиб, 664 465 сўмдан 711 641 сўм/Гкалга етказилди. Аҳолига иссиқлик етказиш хизматларининг янги чакана нархи 15 фоизга — 121 617 сўмдан 139 860 сўмгача оширилди. Мазкур рақамлардан кўринадики, ҳам бюджет, ҳам истеъмолчилар учун тўловлар қимматлашди.

Давлат тобора кўпроқ субсидия беряпти

2024 йилда Тошкент шаҳар бюджети харажатлари 13 трлн сўмни ташкил этди. Шундан 1,97 трлн сўми иссиқлик таъминоти корхоналари тарифлар пасайтирилишидан кўрган зарарни қоплашига сарфланган. Таққослаш учун, 2021 йилда пойтахт бюджетидан мазкур йўналишга 321 млрд сўм субсидия берилиши тасдиқланган. 2022 йилда аввал 732,2 млрд сўм, кейин республика бюджетидан қўшимча 404,7 млрд сўм ажратилган (жами 1,1 трлн сўм). 2023 йилда қопланган зарарлар қиймати 1,7 трлн сўмни ташкил этган.

2025 йилнинг I ярмида иссиқлик корхоналарига 1,3 трлн сўм субсидия тўланган. Яъни субсидия учун ярим йиллик харажат бутун бир 2022 йилдаги чиқимдан кўпроқ бўлган. Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йилда иссиқлик таъминоти учун 2,7 трлн сўм субсидия ажратилиши кўзда тутилган. Бу миқдор 2024 йилдагидан қарийб 37 фоизга кўп.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар