Daryo

“Ўзбекистон ва Озарбайжон қардош мамлакатлар, ишончли иттифоқчилардир” — Илҳом Алиев

Озарбайжон президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви олдидан берган интервьюсида икки давлат ўзаро муносабатлари ҳақида гапирди. Илҳом Алиев ушбу тадбирда фахрий меҳмон сифатида иштирок этади.

3 дақиқа ўқиш2 489 кўришлар0 изоҳ2

Ўзбекистон — Озарбайжон учун қардош мамлакат, ишончли иттифоқчи, президент Шавкат Мирзиёев эса Озарбайжоннинг яқин дўсти. Бу фикрларни президент Илҳом Алиев Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви олдидан ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

“Бизни муштарак илдизлар, маънавий қадриятлар, тил, этник яқинлик, бой тарихий ва маданий мерос бирлаштириб туради. Асрлар давомида қардош халқларимиз ўзаро илиқ муносабатда бўлиб, бир-бирини чуқур ҳурмат қилган. Бугун давлатлараро муносабатларимиз ана шу мустаҳкам пойдевор асосида муваффақиятли ривожланиб бораётгани қувонарли, албатта”, деган Озарбайжон раҳбари.

Унинг таъкидлашича, ҳозирга келиб Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар энг юқори – иттифоқчилик даражасига кўтарилган.

“Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев билан ўртамизда шаклланган ишончли ва дўстона шахсий муносабатлар ҳам икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон етакчисининг давлатлараро муносабатларимиз ривожига қўшаётган шахсий ҳиссаси, кенг кўламли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш масалаларига қаратаётган доимий эътиборини алоҳида таъкидламоқчиман”, деган Илҳом Алиев.

Сўнгги бир ярим йил ичида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга 5 марта ташриф буюрди. Икки давлат раҳбарлари йил давомида турли халқаро майдонларда ҳам бир неча бор учрашди. Илҳом Алиев Ўзбекистон президентини Озарбайжонда қабул қилиш доим катта шараф эканини айтди.

“Қардош Ўзбекистон раҳбари, атоқли давлат арбоби, Озарбайжоннинг яқин дўсти президент Шавкат Мирзиёевни юртимизда қабул қилиш биз учун доим катта шараф ва мамнуният бағишлайди. Ўтган бир ярим йил давомида бундай ташрифлар беш марта юз берди. Буларнинг бари муносабатларимизнинг юқори суръатидан далолат”, деб таъкидлади у.

Озарбайжон раҳбари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат икки томонлама форматда, балки халқаро майдонда ҳам муваффақиятли ривожланаётганини қайд этди. Озарбайжон ва Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотининг фаол аъзолари ҳисобланиб, туркий бирликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Муносабатлар БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, ОҲИЧК ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали тус олган.

Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт, логистика ва энергетика соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланаётганини билдирди. Унинг қайд этишича, бугунги кунга қадар Ўзбекистон Озарбайжон иқтисодиётига 21,8 миллион доллар сармоя киритган, Озарбайжон эса Ўзбекистон иқтисодиётига 183,5 миллион доллар инвестиция йўналтирган.

Илҳом Алиев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида фахрий меҳмон сифатида учинчи бор иштирок этади. У қатнашган биринчи шундай тадбир 2023 йил Душанбеда, иккинчиси 2024 йил Остонада бўлиб ўтган. Навбатдаги мулоқотга Тошкент мезбонлик қилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унинг қайд этилишича, Озарбайжон ва Марказий Осиё мамлакатлари стратегик аҳамияти тобора ортиб бораётган умумий тарихий-маданий, географик ва геосиёсий маконни барпо этмоқда. Бир қарашда Озарбайжонни Марказий Осиё давлатларидан ажратиб турган Каспий денгизи, аслида, давлатларни жипслаштирувчи муҳим омил ҳисобланади. Бугун ушбу денгиз шунчаки географик тушунча эмас, балки, стратегик бирлик, иқтисодий салоҳият ва халқларнинг тарихий ҳамкорлиги рамзидир.

“Барча ҳамкасбларим, айниқса Ўзбекистон президенти, биродарим Шавкат Мирзиёевга таклиф ҳамда Озарбайжоннинг ушбу муҳим тадбирда иштирокини қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман”, деди Илҳом Алиев.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви қардош халқлар ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий, транспорт, инвестиция, энергетика, маданий-гуманитар ва рақамли трансформация соҳаларидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим босқич бўлишига ишонч билдирди.

Ушбу тадбир олдидан президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда сўнгги йилларда минтақани тубдан ўзгартирган жараёнлар ва уни янги босқичга – ишонч, очиқлик ва ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик даврига олиб келган омиллар атрофлича ёритилади.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар