Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани ҳокими биринчи ўринбосари Зафар Эргашев аҳолини камбағалликдан чиқариш учун одамларга 10-20 миллион сўмдан кредит бериш бўйича берилган топшириқ ижросини сўраб, ходимларини ҳақоратлади. “Kun.uz” мансабдорнинг ушбу ҳаракатини жамоатчиликка ошкор қилар экан, мулозимнинг ходимларини ноқонуний ишга ундаётганига эътибор қаратган.
“Дарё” мулозим ҳаракати сабабини билиш учун Чироқчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди.Аудиода ҳоким ўринбосарининг агар одамлар кредит олмаса, “ўзларинг шу одамларнинг номига кредит оласан”, деган гапи ҳам эшитилган. Зафар Эргашев бу гапларни қайси йиғилишда, кимларга қарата айтгани ҳозирча номаълум, — дейилади нашр хабарида.
Топшириқ ижросини сўраган, — деди ҳокимлик ахборот хизмати масъули “Дарё” журналистининг бу ҳақдаги сўровига жавоб берар экан.
Ҳокимлик ахборот хизматининг бу жавоби Зафар Эргашевнинг хатти-ҳаракатини тасдиқлаб, бу топшириқ унга ҳам “юқоридан” берилганини англатгандек, гўё.
“Дарё” журналисти билан суҳбатда бўлган МФЙ раисларидан бирининг маълумот беришича, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маҳаллалардаги камбағал оилаларнинг аксариятини 2025 йил якуни билан камбағал оилалар сафидан чиқаришга уринмоқда. Бу эса шундай ноқонуний топшириқлар берилишига олиб келган.
Масалан, Қашқадарё вилояти туманларида иш ўрни муаммо. Аслида камбағал оилаларга иш топиб бериб, улар доимий даромадга эга бўлгач, камбағал оилалар сафидан чиқарилиши керак. Аммо Қашқадарёда иш топиш қийин масала бўлгани боис, одамларга яна кредит ол, шу асосида камбағал оилалар сафидан чиқ деган таклиф бериляпти. Аҳоли кредит доимий даромадга эга бўлмаган оилалар учун муаммо бўлишини аллақачон тушуниб етган. Кредит олиб, яна тупикка киришни хоҳламайди. Ҳокимликлар эса тепадан берилган топшириқ ва ҳисоботдаги фоизни кўтариш учун одамларга кредит берилиши керак деб босим ўтказади. Уларга вазирликдан шундай босим бўлади. Барчаси занжир. Чироқчи ҳокими ўринбосари эса ана шундай топшириқ берадиган ўнлаб, балки юзлаб мансабдорларнинг қўлга тушиб қолганларидан бири, — дейди вазиятдан хабардор манба.
Ҳокимликларда ишловчи яна бир манба “Давлатимиз раҳбари бешлик — маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ижтимоий ҳимоя вакили, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси бир ёқадан бош чиқариб, ишлаши кераклигини айтган. Аслида эса уларнинг барчаси масалани ўз манфаати учун ҳал қилиб, ўзидан юқорида турган ташкилотга ахборот беради. Боиси, бу “бешлик” бешта мустақил ташкилотга бўйсунади-ку. Ҳоким ёрдамчиси вазирликка ўзини яхши кўрсатишга уринса, ижтимоий ҳимоя вакили агентлик масъулларининг топшириғи билан ўзи мустақил бўлишга уринади. Маҳалладаги ёшлар етакчиси эса ҳаммадан ‘катта’. Гўёки у барча ишларга у бош-қош. Хуллас, ҳамма ўзига ‘тортади’. Бу ўзбошимчаликлар жабри эса ҳокимликларга тушяпти. Давлатимиз раҳбари туман раҳбарларига айнан шу камбағалликдан чиқиш даражасидан келиб чиқиб баҳо беради-да”, — дейди ҳокимликдаги манбалардан бири.
“Дарё” мавзу юзасидан суриштирувларини давом эттиради.








