Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди Фарғона вилоятининг Фурқат тумани ИИБ собиқ бошлиғи ва унинг ўринбосарига оид жиноят иши бўйича суд мажлисини 12 ноябрь куни давом эттирди. Бу галги суд жараёни очиқ тарзда ўтказилиб, унда ОАВ вакиллари ва блогерлар, жумладан, “Дарё” нашри мухбири ҳам иштирок этди.
Гулираъно Қосимова ҳам судга илтимоснома киритиб, судда иштирок этаётган ОАВ вакилларига мазкур жараённи фото ва видеога олишига рухсат берилишини сўради. Бироқ бу илтимоснома ҳам рад этилди.
Шундан сўнг жабрланувчи ва гувоҳлар юзлаштирилди ҳамда уларнинг кўрсатмалари тингланди. Адвокатлар ҳар икки томонга ҳам ўзларини қизиқтирган ва аниқлик киритилиши зарур бўлган саволлар билан юзланди.
Суд мажлисининг ёпиқ қисмида мазкур иш билан боғлиқ воқеалар акс этган видеолавҳа ОАВ иштирокисиз кўриб чиқилди. Жабрланувчининг билдиришича, мазкур видеонинг тўлиқ кўриниши ҳозиргача топилмаган.
Суд танаффуси чоғида Гулираъно Қосимова “Дарё” мухбири билан мулоқотда бўлиб, бугунги жараёнлар очиқ тартибда ўтаётганлиги ва унда журналистлар, блогерлар иштирок этаётганидан қониқиш билдирди.
Курашаман, охиригача бораман барибир. Бу жараёнлар якунига етганидан кейин бир оз тин олиш ҳақида ўйлаб кўриш мумкин, чунки бўлиб ўтган ишлардан сўнг ўзимга келиб олишим учун маълум муддат керак бўлади, дейди Гулираъно Қосимова.
Кейинги суд муҳокамаси жорий йил 14 ноябрь кунига белгиланди.
Жабрланувчи Гулираъно Қосимова аввалроқ Президент Администрацияси ва Олий судга мурожаат қилиб, суд мажлислари адолатсиз ўтаётганини айтганди. Унинг таъкидлашича, судьяга эътироз билдиргани учун у суд залидан чиқариб юборилган.







