Daryo

Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилган фарғоналик эркакка ҳукм ўқилди

У Москвадаги савдо мажмуаларида тозаловчи бўлиб ишлаган. Шу ерда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун қўлга олиниб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қамоқхона таклифига асосан 8 ой уруш ҳаракатларида қатнашган.

3 дақиқа ўқиш2 236 кўришлар0 изоҳ2

Фарғона вилоятида Россия—Украина урушида Россия томони сафида жанговар ҳаракатларда иштирок этган Ўзбекистон фуқаросига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд “Дарё”га хабар берди.

Аниқланишича, ўзбекистонлик эркак А.Қ. 2022 йил 3 февраль куни моддий даромад орттириш мақсадида Россия Федерациясининг Москва шаҳрига бориб, савдо мажмуаларида тозаловчи сифатида ишлаган. У шу ерда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олиниб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

2024 йил ноябрь ойида жазони Екатеринбург шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида ўтаётган А.Қ. муассаса маъмурларининг таклифи билан Россия фуқаролигини қабул қилиб, Россия Қуролли кучлари таркибига қўшилиш учун ариза топширган. 24 ноябрь куни Россия фуқаролиги паспортини олган ва 27 ноябрда Донецк ҳудудига ҳарбий тайёргарликка юборилган.

У дастлабки тайёргарликдан ўтгач, Донецк вилоятида жойлашган ҳарбий бўлинмада хизмат қилган ва жанговар ҳудудларда Россия ҳарбийларига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берган. Шу тариқа, у 8 ой давомида Россия томони сафида уруш ҳаракатларида қатнашган.

2025 йил август ойида хизматни тарк этган А.Қ. 28 август куни Москва—Фарғона йўналишидаги рейс орқали Ўзбекистонга қайтган. ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида А.Қ.нинг яқин қариндошига тегишли телефон текширилиб, унда Telegram орқали юборилган А.Қ.нинг ҳарбий гувоҳномаси, овозли хабар ва қурол кўтарган ҳолдаги фотосуратлар топилган.

Суд қарорига мувофиқ, эркак Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (чет давлат қуролли кучларида хизмат қилиш) ва 57-моддасига асосан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

  • Украинага қарши жанг қилган ўзбекистонликлар

Поп туман жиноят ишлари бўйича судида 15 октябрь куни наманганлик 50 ёшли эркак Россия Қуролли Кучлари таркибида жангларда қатнашгани учун судланган эди. У 2025 йил апрель ойида иш излаб Россияга борган ва молиявий манфаат эвазига Россия Мудофаа вазирлиги билан оддий аскар сифатида хизмат ўташ бўйича шартнома имзолаган. У Луганскда қисқа муддатли тайёргарликдан ўтиб, сўнг Украинадаги жанговар ҳудудга юборилган.

5 октябрда Украинага қарши урушда қатнашган яна бир наманганлик эркак 2 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди. У 2023 йилнинг июнь ойиларида Қирғизистон орқали Россияга мавсумий ишлаш учун борган. У Россияда бир оз муддат ишлаганидан сўнг федерал миграция хизмати идорасига патент олиш учун борган. Бироқ идора ходимлари патент берилмаслигини, аммо урушда иштирок этиш учун шартнома имзоласа, унга Россия фуқаролиги берилишини ва Россияда ишлаши мумкинлигини айтган.

Шунингдек, Жиззахда Россия томонидан Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган ўзбекистонликка ҳукм ўқилган. Судланувчи 2023 йилда Россияга ишлаб пул топиш учун жўнаб кетган. Бироқ моддий манфаат кўзлаб Самара вилоятида ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома тузган ва бир йил давомида Украинанинг вақтинча босиб олинган Луганск ва Донецк вилоятларида қуролли тўқнашув ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.

  • Ҳалок бўлган ўзбекистонликлар

Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилган 481 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сони бир неча баробар кўп бўлиши мумкин. “Хочу жит” лойиҳаси Россия армиясига ёлланиб, ҳалок бўлган 481 нафар Ўзбекистон фуқаросининг шахсига аниқлик киритган.

Украинага қарши жанг қилган ёки қилаётган камида 2 715 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифлари эълон қилинган. Уларнинг сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилда 498 нафар, 2024 йилда яна 941 нафар ўзбекистонлик Россия армияси билан шартнома имзолаган. 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 1 300 га яқин Ўзбекистон фуқароси Россия армияси таркибида урушга йўл олган.

Ҳарбий асирлар орасида ҳам Ўзбекистон мунтазам равишда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

  • Ўзбекистон фуқароларига чет давлатларининг ҳарбий хизматига ёлланиш тақиқланган

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлади. Урушга одамларни ёллаш, уларни ўқитиш ва улардан ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.

Жиноят кодексининг 154-1-моддасига асосан, чет давлатлар ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланган Ўзбекистон фуқаролари 5 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар