Андижон ва Фарғонада уюшган наркогуруҳ аъзолари гиёҳванд моддалар билан қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.
2025 йил 29 октябрь куни Фарғона вилояти Бувайда туманида икки нафар наркогуруҳ аъзолари тўхтатиб текширилганида, уларнинг ёнида оғирлиги 10 килограмм бўлган “гашиш” борлиги аниқланди. Гиёҳвандлик воситаси 20 минг дозани ташкил қилган.
Суриштирувларда улар бу фаолият билан бир йилдан буён шуғулланиб келаётгани, моддани эса Қирғизистонда яшовчи танишининг ташлаб берган локациясига асосан олгани ҳамда Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларига тарқатиши керак бўлганини билдирган.
Шу билан бирга, Андижон вилоятининг Бўстон туманида 2 нафар фуқаро тўхтатиб, текширилганида, уларда 1 килограмм, 2 минг дозага тенг “гашиш” борлиги ва бу уюшган жиноий гуруҳ аъзолари моддани Андижон вилоятида тарқатиш билан шуғулланиб келиши маълум бўлди.
Тошкентда 2025 йил, 22 октябрь куни психотроп моддаларни “закладка” усулида тарқатувчи уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг 4 нафари ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинганди.








