Uzum Nasiya компанияси давлат органлари ва ҳамкорлар билан биргаликда мижозларни ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чораларни кўраётганини маълум қилди.
Баёнотда таъкидланишича, фойдаланувчиларнинг маълумотлари ва маблағларининг хавфсизлиги кўп жиҳатдан уларнинг хушёрлигига боғлиқ.
Хизмат вакиллари Uzum Nasiya ходимлари ҳеч қачон телефон орқали SMS-кодлар, шахсий маълумотлар ёки бошқа идентификация учун зарур бўлган ахборотни сўрамаслигини яна бир бор эслатдилар.
Мижозлар билан барча мулоқотлар фақат расмий каналлар — мобил илова, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ва +998 (71) 777-15-15 рақамли Call-марказ орқали амалга оширилади.
Компания нафақат Uzum Nasiya, балки бошқа рақамли хизматлар фойдаланувчиларини ҳам ҳушёр бўлишга, шахсий маълумотларни учинчи шахсларга бермасликка чақирди. Шубҳали қўнғироқлар бўйича фуқароларга дарҳол суҳбатни тўхтатиш ва ўз банки ёки хизматининг контакт-марказига мурожаат қилиш тавсия этилади.
“Uzum Nasiya ҳар доим шаффофлик, масъулият ва ишонч тамойилларига амал қилади. Фойдаланувчиларимизга кўрсатган эътибори ва қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирамиз ҳамда мижозлар хавфсизлиги бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолишини кафолатлаймиз”, — дейилади компания баёнотида.








