“Аср бўрони” деб аталаётган “Мелисса” довули Кариб денгизи оролларига вайронагарчилик келтириб, қарийб 50 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Расмийлар 31 октябрь куни тонгда бўрон Бермуда оролидан узоқлашганини маълум қилди.
АҚШ Миллий довул маркази (NHC) маълумотига кўра, шиддатли бўрон Кариб оролларини вайрон қилгач, энди шимоли-шарқий Қўшма Штатлар ва Канада томон силжимоқда. Кун охирига бориб у экстратропик циклон шаклига ўтиши кутилмоқда.
Ташкилотнинг сўнгги ҳисоботида Багама оролларидаги сув тошқини секин пасайиши, бироқ Куба, Ямайка, Гаити ва Доминикан Республикасида сув сатҳи юқори бўлиб қолиши айтилган.
Ямайка ва Кубада катта талафотлар қайд этилди
“Мелисса” Ямайка ва Кубага катта талафот етказишга улгурди. Ямайка ахборот вазири Дана Моррис Диконга кўра, мамлакатда 19 киши ҳалок бўлган, уларнинг тўққиз нафари — Уэстморланд, саккиз нафари эса Сент-Элизабет туманларида қайд этилган.
Алоқа ва транспорт тизимлари ишдан чиққани боис, зарар миқдорини аниқлашнинг иложи бўлмаяпти. Гаитида эса 30 киши ҳалок бўлиб, 20 киши жароҳат олган, яна 20 нафари бедарак йўқолган. Мамлакат бўйлаб 1 мингдан ортиқ уй сув остида қолган, 16 минг киши вақтинча бошпаналарда ҳаёт кечирмоқда. Куба ҳукумати маълумотига кўра, мамлакатда 735 мингдан ортиқ фуқаро эвакуация қилинган.
Халқаро ёрдам
АҚШ Фавқулодда ҳолат бўйича қутқарув ва ёрдам гуруҳларини Ямайка, Доминикан Республикаси ва Багама оролларига юборган. Давлат котиби Марко Рубио ҳатто Гавана билан зиддиятларга қарамай, Кубага инсонпарварлик ёрдами таклиф этилишини билдирган. Буюк Британия эса минтақага 3,3 миллион долларлик фавқулодда ёрдам ажратган ва фуқароларини олиб чиқиш учун чекланган чартер рейсларини йўлга қўйган.
БМТнинг Ямайкадаги вакили Деннис Зулунинг таъкидлашича, “Мелисса” инфратузилма, уй-жойлар, йўллар ва алоқа тармоқларига мисли кўрилмаган зарар етказган. АҚШ океан ва атмосфера бошқармасининг маълумотига кўра, “Мелисса” 1935-йилдан бери Ямайкага ёпирилган энг кучли бўрон сифатида қайд этилган.








