Daryo

Ямайкада аср бўрони сабаб ҳалокатли эпидемия авж олди

Мамлакатда октябрь ойида юз берган “Мелисса” тўфони туфайли лептоспироз бактериал инфекцияси тарқалмоқда, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилди. Касаллик ифлосланган сув ва қум орқали юқади.

1 дақиқа ўқиш1 669 кўришлар0 изоҳ1

Ямайкада октябрь ойи охирида юз берган аср бўрони — “Мелисса” оқибатида ҳалокатли лептоспироз бактериал касаллиги авж олди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълум қилинишича, касаллик туфайли олтита ўлим ҳолати қайд этилган. 5-тоифали “Мелисса” бўрони 28 октябрь куни Кариб денгизида жойлашган орол давлатга ёпирилган. Табиий офат давомида 76 сантиметргача ёмғир ёғиши сабабли катастрофик сув тошқини ва кўчкилар содир бўлган. Расмийларнинг таъкидлашича, бунинг натижасида ҳосил бўлган ва ифлосланган сув касалликнинг тарқалиши учун қулай муҳит яратиб берган.

Соғлиқни сақлаш вазири Кристофер Туфтон 21 ноябрь куни баёнот бериб, 30 октябрдан 20 ноябргача бўлган муддатда тўққизта касалланиш ҳолати ва қўшимча 28 та гумон қилинган ҳолат қайд этилганини маълум қилган.

Лептоспироз сутемизувчилар, жумладан, кемирувчиларнинг пешоби билан ифлосланган сув ва тупроқ орқали тарқалади ҳамда юқади. Инфекция инсон танасига теридаги кесилган жойлар орқали ёки кўз, бурун ва оғиз орқали кириши мумкин.

Касалликнинг дастлабки аломатлари гриппга ўхшаш бўлиб, иситма, бошда ва мушакларда оғриқ кузатилади. Лекин касаллик оғир ва ҳалокатли шаклга ҳам ўтиши мумкин. У буйрак етишмовчилиги, жигар шикастланиши, менингит ва ички қон кетишига олиб келади.

“Касалликнинг авж олиши тўфондан кейин юзага келди. Бўрон одамларни ифлосланган сув ва тупроқ билан контактда бўлишга сабаб бўлди”, деган Туфтон матбуот анжуманида.

Кимлар хавф остида?

Вазир сув босган ҳудудларда бўлган ва яшаётган инсонлар юқори хавф остида экани ҳақида огоҳлантирган. Улар орасида:

  • деҳқонлар;
  • тозалаш ишлари билан шуғулланувчи шахслар;
  • фавқулодда вазиятларга жавоб берувчи ходимлар;
  • сув босган ҳудудларда ҳаракатланаётган бошқа одамлар бор.

Ямайка расмийларига кўра, “Мелисса” тўфони оқибатида мамлакатга тахминан 10 миллиард доллар миқдорида молиявий зарар етган. Бу зарарлар мамлакатнинг асосий туризм ва қишлоқ хўжалиги секторларига жиддий путур етказган ва қарийб 200 мингта бино шикастланган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар