БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти (WМО) Ямайкага асрнинг энг кучли бўрони — “Мелисса” ёпирилганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ташкилот маълумотига кўра, тўфон 300 километр тезликдаги шамоллар, тўсатдан бошланаётган ёмғирлар, сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлмоқда.
“Ямайкада фалокатли ҳолат кутилмоқда. Бу орол учун асрнинг энг кучли довули бўлади”, деган WМЎнинг тропик циклонлар бўйича мутахассиси Анн-Клер Фонтан Женевада ўтказилган брифингда.
Тўфон ёмғир ва тўлқинлар билан келмоқда
Мутахассисларга кўра, денгиз тўлқинлари баландлиги 4 метргача етиши, ёғингарчилик эса бутун ёмғир мавсумида ёғадиган миқдордан икки баравар кўп бўлиши кутилмоқда. Бу эса кучли сув тошқинлари ва кўчкиларга олиб келиши мумкин.
1,5 миллион одам хавф остида
Қизил хоч халқаро федерацияси (ИФРC) ҳисоб-китобига кўра, 1,5 миллионга яқин ямайкалик бўронда талофат кўриши мумкин.
“Бу минглаб, эҳтимол миллионлаб одамлар учун оғир бўлади. Томлар учиб кетиши, сув сатҳи кўтарилиши мумкин. Кўплар яккаланиб қолиши ҳам мумкин”, деган ташкилот вакили Несефор Мгенди.
Табиий офат зарарларига қарши кураш мақсадида ҳукумат 800 дан ортиқ бошпана тайёрлаган. Бу ерга энг хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган аҳоли жойлаштирилмоқда.
“Бизнинг асосий вазифамиз — одамларни хавфли жойлардан олиб чиқиб, қурбонлар сонини камайтириш”, дея қўшимча қилган Мгенди.
“Офат оролни вайрон қилиши мумкин”
Ямайка Бош вазири Эндрю Холнесс жамоатчиликни имкон қадар тезроқ хавфсиз жойларга боришга чақирмоқда.
“Мен ишонаманки, бу ҳудуддаги ҳеч қандай инфратузилма 5-тоифа довулга бардош бера олмайди. Катта вайронагарчилик кутилмоқда”, деган у CNN’га берган интервьюсида.
Аммо огоҳлантиришларга қарамай, кўп аҳоли ўз уйларини тарк этмаяпти.
“Мен кетмайман. Ўлимдан қочиб қутулиб бўлмайди”, деган маҳаллий аҳоли вакили Рой Браун.
Баъзилар эса ҳукумат бошпаналаридаги ёмон шароитлар туфайли эвакуацияга рози эмаслигини билдирган. Олимларнинг фикрича, иқлим ўзгариши Кариб денгизи минтақасида бундай кучли тўфонлар сонини оширмоқда.
“Бўронлар тобора тез кучаймоқда. Энг катта хавф — сув тошқинлари, шамол эмас”, деган метеоролог Керри Эмануэл.








