Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари фаолиятини муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолашнинг намунавий тартиби давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, KPI махсус платформа орқали ҳар йил учун ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ҳамда чораклар ва йил якуни бўйича баҳоланади. Шунингдек, ҳокимлик ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолашни ташкил этиш ва мониторинг қилиш бўйича масъул таркибий тузилмалар белгиланган.
Самарадорлик кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ходимларининг KPI натижалари ҳар йили 15 январга қадар тегишли раҳбарлар томонидан, туман (шаҳар) ҳокимликлар ишчиларининг самарадорлик кўрсаткичлари эса ҳар йили 25 январга қадар ҳокимликлар томонидан тасдиқланади.
Рейтинг натижалари қуйидагича баҳоланади:
- 70 баллдан кам бўлганда — “қониқарсиз” (Д);
- 70 баллдан 85 баллгача — “қониқарли” (C);
- 85 баллдан 100 баллгача — “яхши” (Б);
- 100 балл ва ундан юқори бўлганда — “аъло” (А).
Ҳокимлик хизматчиларига ойлик устамалар баҳолаш натижалари асосида президентнинг тегишли фармонига мувофиқ тўлаб берилади.
Аввалроқ ҳоким ўринбосарлари сони 6 нафардан 4 кишига қисқартирилгани ҳамда KPI кўрсаткичларига тўлиқ эришган ҳокимларга ажратиладиган маблағ 15 фоизга оширилиши тўғрисида хабар қилинганди.








