Давлат хавфсизлик хизмати томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мамлакатнинг бир нечта ҳудудларида ноқонуний гиёҳвандлик воситаларининг муомаласига чек қўйилди.
Хусусан:
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 1998-йилда туғилган шахс Тожикистондан 8 кг 860 г “опий” моддасини контрабанда йўли билан олиб ўтмоқчи бўлган пайтда қўлга олинди. Унинг жиноят шериги ҳам аниқланиб, ҳибсга олинган.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида илгари судланган фуқаро ёнида 31 г “опий” билан ушланган. Текширув давомида у модда 1978-йилда туғилган шахсдан сотиб олингани маълум бўлди. Уйдан қўшимча 1 кг 483 г “опий” топилган.
Хоразм вилоятининг Гурлан туманида эса икки маротаба судланган фуқаро 877 г “гашиш”ни 14 минг АҚШ долларига сотаётган пайтда қўлга олинди.
Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси тожикистонлик наркокурерлар томонидан айланма йўллар орқали олиб келинган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан ишлар қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан аввал Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари томонидан Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент ва Фарғона вилоятларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилган эди. Фарғонада трансчегаравий уюшган наркогуруҳ аъзолари ушланган эди.








