Англиянинг “Манчестер Сити” клуби бош мураббийи Хосеп Гвардиола Премьер Лиганинг 9-туридан ўрин олган “Астон Вилла”га қарши баҳс олдидан матбуот анжуманида иштирок этди. Мутахассис ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов навбатдаги ўйинда майдонга тушмаслигини тасдиқлади. Бу ҳақда CityХtrа нашри хабар берди.
“Абдуқодир яқин орада сафга қайтади, аммо ҳозирча тўлиқ тайёр эмас. У танасининг нозик жойидан жароҳат олган, шу боис таваккал қилмоқчи эмасмиз”, деди Гвардиола.
Испаниялик мураббий шунингдек, “Астон Вилла” бош мураббийи Унаи Эмери ҳаракатларини юқори баҳолади:
“Унаи — ниҳоятда ақлли ва ҳар бир ўйинга пухта тайёрланадиган мураббий. Унга нисбатан ҳурматим баланд. ‘Астон Вилла’ ҳозир Чемпионлар Лигасида бўлмаса-да, бу уларнинг кучсизлигини англатмайди. Ўтган мавсумда улар ҳатто Чемпионлар Лигаси ғолиби ‘ПСЖ’га ҳам жиддий рақобат кўрсатишган. Шу боис, бизни осон беллашув кутмаяпти. Эҳтимол, бу мавсумдаги энг оғир ўйинларимиздан бири бўлади.”
Гвардиоланинг сўзларига кўра, жамоанинг асосий таянч ярим ҳимоячиси Родри ҳам жароҳати сабаб майдонга туша олмайди.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 21 сентябрь куни “Арсенал”га қарши (1:1) ўйинда оёғидан жароҳат олган эди. Ўзбекистонлик футболчи жорий мавсум “шаҳарликлар” сафида 5 та учрашувда майдонга тушди. Аммо жароҳат ортидан сўнгги 6 ўйинни ўтказиб юборди.
Англия Премьер Лигаси 9-туридан ўрин олган “Астон Вилла” — “Манчестер Сити” учрашуви 26 октябрь, якшанба куни Бирмингемдаги “Вилла Парк” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.








