АҚШ президенти Дональд Трамп разведка хизматига Венесуэлада махфий операциялар ўтказишга рухсат берганини айтди. Оқ уй нафақат денгизда, балки қуруқликда ҳам наркокартелларга зарба бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Сўнгги ҳафталарда АҚШ ҳарбийлари Кариб денгизида гиёҳванд моддалар ташиётгани тахмин қилинган кемаларга камида 5 марта ҳужум қилди. Оқибатда 27 киши ҳалок бўлди. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари бу ҳужумларни “суддан ташқари қатл” деб атади.
Трамп АҚШ ва бошқа давлатлар Венесуэла президент Николас Мадурога босимни кучайтирмоқчи эканини айтди. Бу вазиятнинг кескинлашишига олиб келиши мумкин. АҚШ президенти 15 октябрь куни журналистларга унинг маъмурияти “қуруқликдаги операциялар имкониятини кўриб чиқаётгани”ни айтди.
“Сиз нима учун Марказий разведка бошқармасига (МРБ) Венесуэлага боришга рухсат бердингиз?” деб сўради Оқ уйдаги журналистлардан бири АҚШ президентидан.
“Аслида мен икки сабабга кўра рухсат бердим. Биринчидан, улар ўз қамоқхоналарини бўшатиб, маҳбусларни Қўшма Штатларга жўнатди... Улар чегарадан ўтиб келди. Иккинчиси — гиёҳванд моддалар. Бизга Венесуэладан кўп миқдорда гиёҳванд моддалар келади ва уларнинг аксарияти денгиз орқали ташилади. Ҳозир биз қуруқликдаги ташувларни кўриб чиқмоқдамиз, чунки денгиз назоратимиз остида”, деди АҚШ президенти.
Трамп МРБнинг Николас Мадурони ағдаришга уринишлардаги эҳтимолий иштирокига изоҳ бермади. АҚШ аввалроқ Мадурони қўлга олиш учун 50 миллион доллар мукофот эълон қилган эди.
Махфий кўрсатма ҳақида гапирган Nеw York Times манбаларининг таъкидлашича, Трамп маъмуриятининг стратегияси айнан президент Мадурони ҳокимиятдан четлатишга қаратилган.
АҚШ президенти бир неча бор Венесуэлани “ўта хавфли фентанил моддасининг ноқонуний савдоси учун транзит пункти” деб атаган. Бироқ расмий маълумотларга кўра, АҚШга кираётган фентанилнинг асосий манбаи Мексика ҳисобланади.
Венесуэла муносабати
Венесуэла ҳукумати 15 октябрь куни Трампнинг разведкага мамлакатда махфий операциялар ўтказишга рухсат бергани ҳақидаги баёнотини қаттиқ қоралади ва буни халқаро ҳуқуқ ҳамда БМТ низомини бузиш деб атади. Венесуэла расмийлари баёнотида айтилишича, АҚШнинг ҳаракатлари “режимни алмаштириш операциясини қонунийлаштиришга” қаратилган, унинг асосий мақсади “Венесуэланинг нефть бойликларини қўлга киритиш” ҳисобланади.
- 14 октябрь куни АҚШнинг сўнгги зарбаси чоғида олти киши ҳалок бўлди. Кема Венесуэла қирғоқлари яқинида ҳужумга учради. Трамп бу кема “гиёҳванд моддаларни ташиганини, ноқонуний наркотеррористик тармоқлар билан алоқада бўлганини” айтди. Аввалги зарбаларда бўлгани каби, АҚШ расмийлари кемада ким бўлганига аниқлик киритмади.
- Мадуро 15 октябрь куни Каракас шаҳри атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказиш ҳақида буйруқ берди. Аввалроқ Трамп Кариб денгизига саккизта ҳарбий кема, атом сув ости кемаси ва қирувчи самолётларни юборган. Оқ уйнинг таъкидлашича, бу ҳам гиёҳванд моддалар контрабандасига чек қўйишга уриниш билан боғлиқ.








