Daryo

Ўзбекистонда ноқонуний тамаки айланмаси бюджетга 8 ойда 325 млрд сўм зарар етказди

4 дақиқа ўқиш1 290 кўришлар0 изоҳ1

Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи улуши бугунги кунда 9,4 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Фарғонада бўлиб ўтган “Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик” мавзусидаги давра суҳбатида маълум қилинди, дея хабар беради Азизбек Абдувалиев.

Давра суҳбатида божхона қўмитаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, солиқ, ички ишлар бошқармаси мутасаддилари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, “Тамакисоз” уюшмаси, тамаки ишлаб чиқарувчи компаниялар, ОАВ вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Ушбу тадбирнинг Фарғона шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас: 2025-йилнинг 8 ойида ноқонуний тамаки айланмаси оқибатида бюджет йўқотишларининг тахминий миқдори 324, 4 миллиард сўм бўлиб, шундан 122,9 миллиард сўми айнан Фарғона водийсига тўғри келмоқда.

“2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра Наманган вилояти бўйича тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси улуши 25,2 фоизни ташкил этмоқда. Наманган шаҳрида бу кўрсаткич 27,5 фоизга тенг. Фарғона вилоятида ушбу улуш 22,3, Фарғона шаҳрида эса 30,3 фоиздан иборат”, дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети тадқиқотчиси Санжар Мирзаалиев.

Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларига йиллик талаб ўртача 600 миллион қути сигаретани ташкил этади. Бундан 500 миллиони маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилади, 47 миллиони расман импорт қилинади. Қолгани эса мамлакатга ноқонуний йўллар билан кириб келади.

Расмий импорт 2025-йилнинг 9 ойида 64,5 миллион қутини ташкил этиб, 2019-йилга нисбатан 19 баравар ёки 61,1 миллион қутига ошган. Илгари тамаки маҳсулотлари фақат Россия ва Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинган бўлса, 2024-йилдан бошлаб Жанубий Корея, Қозоғистон, Болгария, Германия ва Арманистондаги расмий ишлаб чиқарувчилар томонидан ҳам амалга оширилмоқда. 

Жорий йилнинг 9 ойида импорт қилинган тамаки маҳсулотлари учун божхона тўлови 543,8 миллиард сўмни ташкил этди, бу 2023-йилга нисбатан деярли 27 бараварга (икки йил аввал 20 миллиард сўм) кўп.

Божхона қўмитаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акром Аҳлимирзаевнинг таъкидлашича, 2025-йилнинг 9 ойи давомида божхона органлари томонидан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 566 та ҳолат аниқланган бўлиб, қиймати 24,3 миллиард сўмлик 1,7 миллион қути тамаки маҳсулотлари олиб қўйилган.

Мусодара қилинган тамаки маҳсулотларининг асосий қисмини Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган “Milano”, “Esse”, “Oris” брендлари, шунингдек, “Mond”, “Covallo”, “Business Royal”, “Marlboro”, “Parliament”, “Winston”, “Camel”, “Richmond”, “Chapman” ва бошқа номлар остидаги сигареталар ташкил қилмоқда.

Қонунбузарлик ҳолатларининг аксарияти тамаки маҳсулотларини божхона назоратидан яшириш, жомадон, сумка, транспорт воситалари, контейнерлар ва бошқа махсус тайёрланган яширин воситалар ёрдамида олиб ўтишга уриниш билан боғлиқ бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳудуди орқали қўшни давлатларга тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб кириш учун транзит қилиш чоғида бошқа ном остидаги товарларни олиб ўтиш ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.

Масалан, “Сариосиё” темирйўл чегара постида Эрон—Туркманистон—Ўзбекистон—Тожикистон йўналиши бўйича ҳаракатланаётган поезд вагонида ҳужжатларда кўрсатилмаган 12 миллиард сўмлик 402 минг қути сигарета яширинча жойлаштирилгани аниқланди. “Олот” чегара божхона постида “БАА—Эрон—Туркманистон—Ўзбекистон—Қирғизистон” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган юк машинасидан қайд этилган тамаки хомашёси ўрнига 17 миллиард сўмлик аксиз маркаси бўлмаган 866 минг қути тамаки маҳсулоти топилди.

“Хўжадавлат” темирйўл чегара постида “Эрон—Туркманистон—Ўзбекистон—Қозоғистон” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган поездда қайд этилган қора чой ўрнига ҳужжатларда кўрсатилмаган 18 миллиард сўмлик 706 минг қути тамаки маҳсулоти аниқланган.

“Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланишига қарши курашнинг муваффақияти кўп жиҳатдан манфаатдор томонлар: давлат, ишлаб чиқарувчилар ва жамият ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиришга боғлиқ бўлиб, бу билан тамаки контрабандаси кўлами сезиларли камаяди. Тўғри, қора бозорда сотилаётган контрафакт сигареталар анча арзон туради, бироқ уларнинг таркибида смола, никотин, ис гази, қўрғошин, мишяк ва кадмий каби зарарли моддалар консентрацияси меъёрдан бир неча баробар юқори бўлиши ва аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Марказий божхона лабораториясида контрафакт тамаки маҳсулотларини аниқлаш ва заҳарли моддалар миқдорини баҳолаш бўйича ихтисослаштирилган экспертиза ташкил этилди”, дейди Акром Аҳлимирзаев.

Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриевнинг билдиришича, ОАВ билан ҳамкорликда нолегал тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш хавфи тўғрисида аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган турли тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда. Охирги икки йилнинг ўзида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллар иштирокида 2 миллион қутига яқин тамаки маҳсулоти йўқ қилинган.

Давра суҳбати давомида тамаки маҳсулотлари контрабандаси учун жавобгарликни кучайтириш, маҳаллалардаги ноқонуний тамаки сотиш нуқталари фаолиятига чек қўйиш, бу борада профилактика инспекторлари имкониятларидан фойдаланиш, уларни аниқлашда иштирок этган маҳалла вакилларини рағбатлантириш, ноқонуний тамаки айланмасига қарши курашга чорловчи роликларни маҳалла, таълим муассасаларида намойиш этиш каби чоралар муҳокама қилинди.

Шу ернинг ўзида Фарғона вилоят ИИБ, божхона, солиқ, департамент, маҳалла бошқармалари, деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари уюшмаси мутасаддилари томонидан “Фарғона вилояти ҳудудида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар” йўл харитаси имзоланди. Ушбу йўл харитасига киритилган вазифалар вилоятда ноқонуний тамаки айланмаси кўрсаткичларини кескин камайтиришга қаратилган.

Шундан сўнг давра суҳбати иштирокчилари Фарғона шаҳрининг чекка ҳудудида жойлашган карерга йўл олди. Бу ердаги махсус жиҳозланган манзилда умумий қиймати 486 миллион сўм бўлган 34 600 қути ноқонуний олиб кирилган тамаки маҳсулотлари жамоатчилик ва ОАВ иштирокида йўқ қилинди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар