Германияда 17 миллиондан ортиқ чекувчи бор. Бу Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда кўпроқ ва чекиш билан боғлиқ касалликлар ўлимнинг асосий сабабларидан ҳисобланиб, ҳар йили деярли 100 минг кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда. Халқаро ташкилотнинг Prohibition Does Not Work янги ҳисоботи муаллифларининг фикрича, чекувчилар сонини камайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиши керак. Шунга қарамай, уларнинг фикрига кўра, мавжуд қонунчилик ва тартибга солиш базаси чекишни ташлашга ёрдам бермайди ва миллионлаб одамларни камроқ зарарли муқобиллардан маҳрум қилади.
2021-йилдан бери Германияда “озиқ-овқат маҳсулотлари” деб тавсифланган никотинли қопчаларга амалда тақиқ қўйилган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу ёндашув ноқонуний бозорнинг ўсишига олиб келди. Ҳисоботга кўра, бир миллиондан ортиқ одам бундай маҳсулотлардан фойдаланишда давом этмоқда, аммо энди назорат қилинадиган ҳуқуқий доирадан ташқарида. Натижада давлат солиқ тушумларидан, назорат органлари эса маҳсулот сифати ва ёшга оид чекловларга риоя этилишини назорат қилиш имкониятидан маҳрум бўлади. Шунга ўхшаш чеклов чоралари Францияда ҳам жорий этилмоқда, у ерда 2026 йил март ойидан бошлаб никотин қопчаларга тақиқ кучга киради.
Ўзбекистонда ҳам 2024 йил май ойидан бошлаб никотинли қопчалар (никотинли снюс) муомаласига тақиқ жорий этилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, кўрилган чораларга қарамай, ноқонуний савдо ҳажми ўсишда давом этмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида умумий қиймати қарийб 2 миллиард сўмлик, 26 минг ўрамдан ортиқ никотин маҳсулоти (шу жумладан, снюс ва пауч) мусодара қилинган.
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, тақиқлаш сиёсати истеъмол даражасини пасайтирмайди, балки ноқонуний айланма ва контрафактнинг ўсишини рағбатлантиради. Шу билан бирга, Ўзбекистон ички бозорида носвойдан фойдаланиш юқори даражада сақланиб қолмоқда. Экспертларнинг фикрига кўра, унинг таркибида заҳарли металларнинг миқдори юқори бўлиб, 2 миллиондан ортиқ кишида онкологик, буйрак ва неврологик касалликлар хавфини келтириб чиқарган.
Швеция, Буюк Британия ва Чехия каби прогрессив тартибга солинадиган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, таъсири камроқ никотин маҳсулотларини назорат остига олиш чекиш даражасини пасайтириш ва соғлиққа етказиладиган зарарни камайтиришга ёрдам беради. Экспертларнинг фикрича, илмий асосланган тартибга солиш сиёсатини шакллантириш мамлакатлар, бинобарин, Ўзбекистон ҳукуматига ҳам ноқонуний бозор кўламини қисқартириш ва тамаки чекиш оқибатларига қарши кураш самарадорлигини оширишга ёрдам бериши мумкин.








