“Толибон“ кучлари ва Покистон чегарачилари ўртасида қуролли тўқнашувлар юз берди. Бу ҳақда воқеа гувоҳларига таяниб, Тоlо News хабар берди.
Ҳодиса 15 октябрга ўтар кечаси икки давлат чегараси яқинида юз берган. Гувоҳлар ўқ овозлари узоқдан эшитилгани, икки томон ҳам оғир қуроллардан фойдаланганини айтган.
“Покистон қуролли кучлари Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Куррам округидаги ҳужумга жавобан Афғонистон ҳудудидаги гуруҳларнинг позицияларига зарбалар берди”, деб ёзади Daily Pakistan.
Хабарга кўра, можаро “Толибон” ва “Теҳрик-э-Толибон Покистон” гуруҳи жангчилари Покистон чегара постларига “сабабсиз ўт очганидан” кейин авж олган. Покистон армиясининг ўққа тутиши “Толибон” постларига жиддий зарар етказган. Постларда ёнғинлар содир бўлгани ва танк йўқ қилингани айтилмоқда.
9 октябрь куни Афғонистон пойтахти Кобулда портлаш овозлари эшитилди, шундан сўнг “Толибон” портлашларда Покистонни айблади. 11 октябрь куни Афғонистоннинг Покистон билан чегарасидаги Пактия вилоятида икки давлат чегара кучлари ўртасида тўқнашув содир бўлди. “Толибон” бу орқали ҳужумга жавоб қайтарганини айтди.
Афғонистон томонига кўра, Покистон билан чегарадаги тўқнашувларда 58 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлган, 30 нафари яраланган. Кўплаб қурол-яроғ ва анжомлар афғон чегарачилари қўлига ўтиб кетган. Афғонистон ҳукумати матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид тўқнашувлар чоғида 9 нафар афғон аскари ҳалок бўлганини айтди. У Қатар ва Саудия Арабистони воситачилигидан сўнг тўқнашувлар тўхтатилганини таʻкидлади.
Покистон армияси Афғонистон чегара кучлари билан тўқнашувларда 23 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлгани, 29 нафари яралангани, шунингдек, Афғонистон ҳукуматига алоқадор 200 дан ортиқ “террорчилар” зарарсизлантирилганини маълум қилди.








