Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара ҳудудларида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. Исломобод 3 март куни чегара постларига “Толибон” кучлари томонидан ҳужум уюштирилганини ва оқибатда 67 нафар афғон аскари ҳамда бир нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди.
Кобул ушбу баёнотни “асоссиз” деб рад этди. Афғонистон ҳукумати ўз навбатида Покистон ҳужумларини қайтарганини ва тўрт нафар покистонлик аскарни йўқ қилганини даъво қилмоқда. Икки давлат ўртасидаги фаол жанговар ҳаракатлар ўтган 26 февраль куни бошланган эди. Ўшанда “Толибон” кучлари Покистон томонидан дам олиш кунлари амалга оширилган авиазарбаларга жавобан чегара бўйлаб ҳужумга ўтган.
Шундан сўнг Исломобод Афғонистон билан “очиқ уруш” ҳолатида эканини эълон қилди ва бир қатор стратегик объектларга, жумладан, Баграмдаги собиқ АҚШ авиабазасига, пойтахт Кобулга ва жанубдаги Қандаҳор шаҳрига янги зарбалар берди.
БМТнинг Афғонистондаги миссияси (UNАМА) берган маълумотларга кўра, 26 февралдан буён давом этаётган низолар оқибатида 42 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 104 киши тан жароҳати олган. БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури эса тўқнашувлар сабабли тахминан 20 минг оила ўз уйини тарк этишга мажбур бўлганини билдирди.
Зиддиятли рақамлар
Томонлар тақдим этаётган талафотлар кўлами бир-биридан кескин фарқ қилади. Хусусан, Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Иноятуллоҳ Ховаразмийнинг сўзларига кўра, Дюранд чизиғи (баҳсли чегара) бўйлаб ўтказилган қарши ҳужумларда ҳозиргача 28 нафар афғон аскари ҳалок бўлган, Покистон томони эса 150 нафаргача ҳарбий йўқотган.
Исломобод ҳисоб-китобларига кўра эса, низо бошланганидан бери 450 дан ортиқ афғон аскари йўқ қилинган, Покистон армияси эса 150 га яқин хизматчисини йўқотган. Ҳозирча ушбу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлмаяпти.
Низо ортида нима турибди?
Зиддиятнинг асосий сабаби — Покистоннинг Афғонистонни ўз ҳудудида “Теҳрики Толибон Покистон” (ТТП) жангариларига бошпана беришда айблаши билан боғлиқ. Исломободга кўра, ушбу гуруҳ Покистон ичкарисидаги терактлар учун масъулдир. Кобул эса бу айбловларни муттасил рад этиб келади.
Афғонистон мудофаа вазири Ховаразмий 3 март куни ҳукумат “ҳеч қандай шахс ёки гуруҳга Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга қарши фойдаланишга йўл қўймаслигини” яна бир бор таъкидлади.








