АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазода икки давлат ечимини эмас, балки уни қайта қуришни кўзлаётганини маълум қилди. У бу ҳақда Мисрдаги саммитдан Қўшма Штатларга қайтаётганда самолёт бортида таъкидлади.
Трампга самолётда Ғазо бошқаруви ҳақида савол берилганида, у шундай жавоб берган:
“Баъзилар ягона давлат, бошқалар икки давлат ечимини хоҳлайди. Мен эса, Ғазони қайта қуришни кўзлаяпман. Яна ҳам вақт кўрсатади”.
Трамп АҚШ ва араб давлатлари ўртасидаги Фаластин бўйича фарқларга тўхталар экан, ўз қарорларини тўғри деб ҳисоблаган фикрлари асосида қабул қилишини билдирган. Айни пайтда, у бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилишини ҳам таъкидлаган. Қўшма Штатлар президенти Яқин Шарқда тинчлик ҳақида гапириш учун ҳали эрта, деган фикрга ҳам қарши чиққан.
“Одамлар ўлаверишини хоҳлайсизми? Уруш узоқ йиллар давом этишиничи? Бинолар одамлар устига қуласинми? Биз ҳаммасини тўғри қилдик. Тўғри вақтни танладик, деб ўйлайман”, деган Трамп.
Ғазо тинчлик саммити
Маълумот ўрнида, Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида 13 октябрь куни 20 дан ортиқ давлат етакчилари иштирокида халқаро “тинчлик саммити” бўлиб ўтган. Унда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги декларация имзоланган.
Воситачи давлатлар — Миср, Қатар, Туркия, АҚШ, Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги келишувни расман тасдиқловчи ҳужжатни имзолаган. Тўрт давлат Ғазодаги урушга барҳам бериш бўйича келишувларга кафил бўлишга розилигини билдирган.








