Daryo

Трамп маъмурияти Ғазода 5 минг кишилик ҳарбий база қурмоқчи — The Guardian

350 акрдан ортиқ майдонни эгаллайдиган улкан объект минтақани бошқариш учун тузилган янги халқаро кучларнинг асосий қароргоҳи бўлиши кутилмоқда.

2 дақиқа ўқиш3 815 кўришлар0 изоҳ2

АҚШ президенти Дональд Трамп бошчилигидаги маъмурият Ғазо секторида 350 акрдан ортиқ майдонни эгаллайдиган, 5 минг кишига мўлжалланган улкан ҳарбий база қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри ўз ихтиёридаги Тинчлик кенгаши шартнома ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, лойиҳа келажакдаги “Халқаро барқарорлаштириш кучлари” учун операцион база бўлиб хизмат қилади. Ғазони бошқариш учун янги ташкил этилган Тинчлик кенгашига шахсан Дональд Трамп раислик қилмоқда, унинг куёви Жаред Кушнер эса кенгаш раҳбарларидан бири ҳисобланади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ушбу тузилмага Ғазода вақтинчалик халқаро кучларни ташкил этиш ваколатини берган. “Халқаро барқарорлаштириш кучлари”нинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • Ғазо чегаралари хавфсизлигини таъминлаш ва тинчликни сақлаш;
  • тинч аҳолини ҳимоя қилиш;
  • текширувдан ўтган Фаластин полиция кучларини тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш.
Базанинг техник параметрлари: бункерлар ва миноралар

Ҳужжатларга кўра, ҳарбий объект бир неча босқичда қурилади ва якунда 1 400 метрга 1 100 метр ўлчамдаги майдонни эгаллайди. База қуйидаги инфратузилмага эга бўлади:

  • трейлерларга ўрнатилган 26 та зирҳли кузатув минораси;
  • ўқ отиш полигони, бункерлар ва ҳарбий техника омбори;
  • бутун бино атрофи тиканли симлар билан ўралади.

Шунингдек, аскарлар ҳимояси учун махсус вентиляция тизимига эга, ўлчами 6х4х2,5 метр бўлган бункерлар тармоғи барпо этилади. Қурилиш шартномасида пудратчи зиммасига ҳудудда геофизик тадқиқот ўтказиш мажбурияти юкланган. Бу орқали ҲАМАС томонидан қурилган ерости туннеллари ва бўшлиқларни аниқлаш кўзда тутилган.

Қурилиш жойи ва “Инсон қолдиқлари протоколи”

База Ғазо жанубидаги текисликда, шўра ва бутазорлар билан қопланган, Исроил бомбардимонлари оқибатида металл парчалари билан тўлиб кетган ҳудудда қурилиши режалаштирилган.

“Ҳужжатнинг алоҳида қисми ‘Инсон қолдиқлари протоколи’га бағишланган. Агар қурилиш жараёнида инсон жасадлари ёки маданий бойликлар топилса, иш дарҳол тўхтатилиши ва буюртмачи хабардор қилиниши шарт қилиб белгиланган”, дейилади хабарда. 

Маълумот ўрнида, ҳозирда Ғазо фуқаро мудофаа агентлиги вайроналар остида камида 10 минг фаластинликнинг жасади қолиб кетганини тахмин қилмоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар